Тошкент вилояти Янгийўл шаҳар суди 50 ёшли Ўзбекистон фуқароси А.Мухторовни ўзга давлат тарафида қуролли можарода қатнашгани, шунингдек, ноқонуний гиёҳвандлик воситаларини сақлагани учун беш йилга озодликдан маҳрум қилди. Бу ҳақда UzNews хабар берди.
Иш материалларига кўра, Мухторов 2022 йил сентябрида Россияга борган. Ўшанда уни интернетдаги «Вагнер» ХҲКга қўшилиш таклифи қизиқтириб қолган. У компаниянинг Молкино қишлоғи яқинидаги ҳарбий лагерига етиб келган. У ерда жанговар тайёргарликдан ўтган ва шартнома имзолаб, Украина ҳудудидаги жангларда қатнашган. Ўзбекистон фуқароси граната бўлакларидан оғир яраланган ва шифохонага ётқизилган. 2023 йил март ойида у ватанига қайтиб келган.
Жорий йил февраль ойида Мухторовнинг уйида ўтказилган тезкор тадбир давомида оғирлиги 9,74 грамм бўлган марихуана пакети топилган. Мухторовга кўра, буни шахсий истеъмол учун сақлаган.
Судланувчи Ўзбекистон Жиноят кодексининг 154-моддаси 1-қисми («Ёлланиш») ва 276-моддаси 1-қисми («Гиёҳвандлик воситаларини қонунга хилоф равишда сақлаш») билан айбдор деб топилган. Тавба қилгани ва муқаддам судланмагани инобатга олиниб, унга беш йилу бир ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
ℹ️ Ўзбекистонда юртдошлар ёлланма аскарлик жинояти учун жиноий жавобгарлик тўғрисида доимий равишда огоҳлантирилади, бироқ айним фуқаролар барибир шартнома асосида РФ қуролли кучлари сафига қўшилмоқда. Ушбу жиноят учун ЖК 154-моддасида назарда тутилган энг кам жазо — беш йиллик қамоқ жазосидир. Бироқ, судлар баъзида анча енгилроқ ҳукмларни чиқаришмоқда. Шундай қилиб, бундан аввал бир ўзбекистонлик йигит 2,5 йилга ахлоқ тузатиш ишларига, яна бири уч йил озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинди.