Афғонистонда ҳокимиятни бошқараётган «Толибон»* ҳаракати вакиллари Дайкунди вилоятида стол футболидаги фигуралар бутларга ўхшашлиги сабаб, ушбу ўйинни тақиқлаш билан таҳдид қилишди. Бу ҳақда Afghanistan International нашри ўз манбаларига таяниб хабар берди.
Вазиятдан хабардор одамларнинг сўзларига кўра, толиблар стол футболи ўйналадиган клубларга фигураларнинг бошларини олиб ташлашни буюришган, чунки улар исломда тақиқланган «бутларни ёдга солади». Акс ҳолда стол футболи бутунлай тақиқланади.
«Толибон» вакиллари бу борада ҳеч қандай расмий баёнот бермаган.
2021 йили ҳокимият тепасига келган толиблар Афғонистонда борган сари кўпроқ чекловларни жорий қилишмоқда. Жумладан, мамлакатнинг айрим ҳудудларида оммавий ахборот воситаларида одамларни кўрсатиш, тадбирларни суратга ва видеога олиш тақиқланган. Тақиқлар қаторига кинотеатрлар, мусиқа асбоблари, бир қатор ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш, эркакларнинг соқол қўймаслиги, галстук тақиши ва ҳатто шахмат ўйнаши ҳам киради.
Аёлларга нисбатан ҳам кўплаб тақиқлар жорий қилинган. Уларга ўрта ва олий маълумот олиш, спорт билан шуғулланиш, боғларда сайр қилиш, баланд овозда гапириш ва суд жараёнларида иштирок этиш тақиқланади.
*«Толибон» ҳаракати бир қатор мамлакатларда террорчи ташкилот деб тан олинган ва тақиқланган.