«Ўзатом» италиялик ҳамкорлар билан атом энергетикаси соҳасида ҳамкорлик бўйича келишиб олди

"Ўзатом" матбуот хизмати фотосурати

«Ўзатом» агентлиги ва Италиянинг Ansaldo Energia S.p.A. компанияси ўртасида атом энергетикаси соҳасида қатор йўналишларда яқин ҳамкорликни йўлга қўйишни назарда тутувчи ўзаро англашув меморандуми имзоланди. Бу ҳақда Ўзбекистон агентлиги матбуот хизмати хабар берди.

Жумладан, ҳужжатда Италия компаниясининг илғор технологиялари ва тажрибасини қўллаган ҳолда кадрлар ва илмий-техник салоҳиятни ошириш, саноат кооперациясини ривожлантириш кўзда тутилган.

Ушбу ташкилот ўзининг шўъба компанияларидан бири орқали атом соҳасидаги барча фаолиятни қамраб олади, янги атом электр станцияларини лойиҳалаш ва қуришда инновацион ечимларни ишлаб чиқишга, эксплуатациядан чиқарилган атом станцияларини хавфсиз демонтаж қилишни таъминлашга, шунингдек, радиоактив чиқиндиларни бошқариш масалаларига алоҳида эътибор қаратади.

Таъкидланишича, меморандум Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Италия Бош вазири Жоржа Мелони ўртасида 29 май куни Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган музокаралар доирасида имзоланган.

ℹ️ Ansaldo Energia S.p.A. — Европа энергетика секторининг етакчи компанияларидан бири бўлиб, энергетика ускуналарини лойиҳалаш, ишлаб чиқариш ва етказиб бериш, бош-монтаж ва созлаш, ҳамда энергетика ускуналарига кафолатли ва ундан кейинги хизмат кўрсатиш, таъмирлаш ва модернизация қилиш бўйича хизматларни тақдим этади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ