Пахта даласида ишлаётган бюджет ходимларини видеога олган шахс полиция бўлимига олиб кетилган

hronikatm.com сайти фотосурати

Туркманистоннинг Мари вилоятининг Гара оба қишлоғида пахта даласини ўтаётган болалар боғчаси ходимларини телефонига ёзиб олаётган эркакни полиция қўлга олган. Бу ҳақда «Хроника Туркменистана» нашри хабар берди.

Нашрнинг таъкидлашича, мазкур воқеа 20 май куни содир бўлган. Шу билан бирга, ишчилар шаҳардан қишлоққа олиб келинган. Эркак полиция ходимлари томонидан олиб кетилганидан сўнг, қишлоқ хўжалиги бирлашмаси раҳбари автобус ташкил қилиб, мактабгача таълим муассасаси ходимларини қайтариб юборган.

Нашр манбаларига кўра, қўлга олинган шахс полиция бўлимида бир неча соат ушлаб турилган, у ерда Миллий хавфсизлик вазирлигининг маҳаллий бошқармаси вакили томонидан сўроқ қилинган. Терговчи суратга олиш нима учун олиб борилаётгани ва видео муаллифи ўзи суратга олган материални қаерга жўнатмоқчи бўлганини аниқлашга уринган.

Натижада фуқаро тушунтириш хати ёзишга мажбур бўлган, телефони олиб қўйилган, сўнгра уни қўйиб юборишган.

Шу билан бирга, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари қишлоқ хўжалиги бирлашмалари раҳбариятига шаҳардан пахта далаларини ўташга жўнатилган бюджет ходимларини биров мобил телефонига тасвирга туширмаслигини таъминлаш юзасидан кўрсатмалар берган.

Қайд этилишича, боғча тарбиячилари ва фаррошлари ишлаган 20 гектар майдон маҳаллий прокуратура идораси қўриқчиси номига рўйхатга олинган, гарчи у қишлоқ хўжалигига умуман алоқаси йўқ, ҳатто бу қишлоқда яшамаган бўлсада. Мазкур ҳолат Гара оба аҳолисининг норозилигига сабаб бўлган, чунки улар ер участкалари бегоналарга ижарага берилаётганидан, қишлоқ аҳолисининг ўзларига ер етишмаётганлигидан бир неча бор шикоят қилишган.

Дарвоқе, мазкур видео билан боғлиқ воқеадан сўнг, далада ҳеч ким ишламаган ва у ерлар бегона ўтларга кўмилиб кетган. Фермер хўжалиги раҳбарияти маҳаллий аҳолига битта агатни ўташ учун 15 манат (расмий курс бўйича 4 доллар, қора бозор курси бўйича эса тахминан 1 доллар) таклиф қилган, бироқ қишлоқ аҳолиси бегоналарга ижарага берилган ерларда ишламаслигини айтиб, рад жавобини берган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ