«Туркманистон ҳаво йўллари» жорий йилнинг 1 июнидан Москва-Ашхобод-Москва йўналиши бўйича парвозларни тўхтатди. Бу ҳақда авиаташувчининг Телеграм-каналида хабар берилди.
Россия пойтахтига бекор қилинган рейслар ўрнига Ашхобод-Қозон-Ашхобод йўналишида қўшимча рейслар жорий этилди.
«Ашхобод-Москва-Ашхобод йўналиши бўйича чиптага эга йўловчилар автоматик равишда Ашхобод-Қозон йўналиши бўйича рейсларга ўтказилади ва 2-14 июнь кунлари Қозондан Домодедово аэропортига ер транспортидан бепул етказиб бориш ташкил этилади», — дейилади «Туркманистон ҳаво йўллари» хабарида.
Москвага парвозларни бекор қилингани сабаблари аниқланмаган, бироқ бу қарор 28 май куни Россия пойтахти аэропортларига дронларнинг оммавий ҳужумидан сўнг қабул қилинган, шу сабабли ўнлаб рейслар кечиктирилган ёки бекор қилинган.
Аввалроқ, 2023 йили Туркманистон авиакомпанияси тегишли ҳаво зонасидаги хавфли вазият туфайли Россия пойтахтига парвозларни тўхтатган эди.
Эслатиб ўтамиз, Бокудан Грознийга учаётган AZAL («Озарбайжон ҳаво йўллари») самолётининг қулаши сабаб, 2024 йил охирида Ашхободдан Москвага тўхтатилган парвозлар бор-йўғи бир ой олдин, 1 май куни қайта тикланган эди. Ўтган йил 28 декабрида Туркманистон 30 декабрдан бошлаб бир ойга Ашхобод-Москва йўналиши бўйича мунтазам қатновлар бекор қилинишини эълон қилганди, кейин бу муддатни 2025 йил майига қадар узайтирганди.
Айни пайтда Ашхободдан Москвага рейслар Россиянинг S7 авиакомпанияси томонидан амалга оширилмоқда.