Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон музликларнинг йўқ бўлиб кетиши бутун Марказий Осиёдаги миллионлаб одамлар ҳаётига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган жиддий инқироз эканини таъкидлади. Сиёсатчи бу сўзларни Душанбеда бўлиб ўтган музликларни сақлаш бўйича биринчи юқори даражадаги халқаро анжуманда тилга олди, деб хабар қилади давлат раҳбари матбуот хизмати.
Республика раҳбари музликлар ичимлик сувининг асосий манбаларидан бири экани, шунинг учун уларни сақлаш барқарор ривожланишни амалга оширишда муҳим шароит яратишини таъкидлади.
Бундан ташқари, музликларнинг эриши жараёни тоғли ҳудудлар аҳолиси учун муаммо туғдиради, чунки бу сел ва кўчкиларга олиб келади, инфратузилмага жиддий зарар етказади. Ҳудудининг 93 фоизи тоғлар бўлган Тожикистон эса табиий офатларга қарши ҳимоясизлигича қолмоқда.
Президент таъкидлашича, бугунги кунда мамлакат сув ресурсларининг қарийб 60 фоизини ташкил этувчи Тожикистондаги 14 минг музликлардан 1300 таси тўлиқ эриб битган. Бундан ташқари, бу жараён давом этмоқда.
Шунга ўхшаш тенденция глобал миқёсда ҳам долзарбдир. Маълумки, иқлим ўзгариши сайёрадаги тоғ музликларининг учдан бир қисмининг йўқ бўлиб кетишига олиб келган. Мутахассисларнинг фикрича, салбий табиий ўзгаришларнинг чўққиси 2023 йилга тўғри келган. Натижада 600 гигатон чучук сув йўқолган ва бу ўз навбатида дунё океанлари сатҳининг ўртача кўтарилишига сабаб бўлган.
Аниқланган муаммолар муносабати билан Раҳмон барча манфаатдор томонларни «Криосфера фанлари бўйича ҳаракатлар ўн йиллиги»ни амалга оширишни қўллаб-қувватлашга чақирди.
Шу билан бирга, Тожикистон раҳбари музликларни сақлаб қолиш бўйича бир қатор бошқа чора-тадбирларни ҳам таклиф қилди.
Жумладан:
✅ халқаро ҳамжамиятни музликларнинг ичимлик суви билан таъминлашдаги ҳаётий ролига оид хабардорлигини ошириш;
✅ халқаро ҳамкорликни, шу жумладан олимлар, тадқиқотчилар, фуқаролик жамияти ва бошқа манфаатдор томонларни фаол жалб этиш орқали мустаҳкамлаш;
✅ музликларнинг ўзгариши жараёнлари ва уларнинг экотизимларга таъсирини яхшироқ тушуниш учун комплекс мониторинг ва илмий тадқиқотларни ташкил этиш;
✅ музликлар тез эришининг ижтимоий-иқтисодий оқибатларини бартараф этиш бўйича жамоавий чора-тадбирларни амалга ошириш;
✅ музликларни муҳофаза қилиш бўйича ташаббусларни амалга ошириш учун молиявий ва техник ресурслардан самарали фойдаланиш ҳамда уларни ҳимоя қилиш халқаро фондини қўллаб-қувватлаш.
«Бизнинг асосий мақсадимиз – бугунги ва келажак авлодлар манфаати йўлида халқаро ҳамжамиятнинг самарали ва биргаликдаги саъй-ҳаракатлари орқали мана шу ҳаётий ресурсларни асраб-авайлашдан иборат», — дея хулоса қилди президент.