Ўзбекистон-Қозоғистон чегарасида жойлашган «Навоий» назорат-ўтказиш пунктида қўшни давлатга ўтиш учун соатлаб кутаётган автомобиллар навбати бартараф этилган. Бу ҳақда 4 июнь куни кечки пайт Ўзбекистон Божхона қўмитаси матбуот котиби Хусан Тангриев ўзининг Телеграм-каналида маълум қилди.
Ўз сўзларини тасдиқлаш учун мулозим битта ҳам машина қолмаган назорат зонаси суратини эълон қилган. Тангриев бу сурат 4 июнь куни соат 20:20 да олинганини таъкидлайди. Мулозимнинг қўшимча қилишича, кўрилган чора-тадбирлар натижасида постдаги тирбандликлар бартараф этилган.
Ўша куни эрталаб Ўзбекистон Божхона қўмитаси матбуот хизмати раҳбари «Навоий» назорат-ўтказиш пунктида (Қозоғистон томонидан – «Капланбек») ҳар икки давлат мутасаддиларининг учрашуви бўлиб ўтгани ҳақида хабар берганди. 6 июнь куни нишонланадиган Қурбон ҳайити байрами арафасида кузатиладиган енгил автомобиллар тирбандлигини бартараф этишга асосий эътибор қаратилган.
Натижада музокарачилар назорат-ўтказиш пунктидаги тирбандликка қарши тезкор курашиш учун қўшимча куч ва воситаларни сафарбар қилишга қарор қилишган. Бундан ташқари, «Навоий» пунктида мазкур йўналиш бўйича Ўзбекистон ҳудудига кириб келаётган автомашиналарнинг риверс (ортга) ҳаракати ташкил этилган.
Тангриев таъкидлашича, минтақа давлатлари ўртасида дўстлик, яхши қўшничилик, стратегик ҳамкорлик ва ташқи савдо алоқаларининг кенгайиши натижасида сўнгги 5 йилда иккала давлат ўртасида ҳаракатланаётган автотранспорт воситалари ҳамда йўловчилар сони 2 баробарга ошган.
Шу билан бирга, божхоначининг қўшимча қилишича, битта машинани текшириш учун ўртача 5-10 дақиқа вақт кетадиган бўлса, тирбандлик бутунлай бартараф этилишига кафолат бўлмайди. Шу муносабат билан фуқароларга халқаро тоифага мансуб бўлмаган бошқа назорат-ўтказиш пунктларидан, масалан, Сирдарё вилоятидаги «Оқ олтин» ва «Малик» пунктларидан фойдаланиш маслаҳат берилади. Ушбу постлар орқали ҳар куни 1500 га яқин одам ва 250 дан ортиқ транспорт воситалари ўтади.
Шунингдек, вазият бир қатор назорат-ўтказиш пунктларининг таъмирланиши билан ҳам оғирлашаётгани таъкидланган. Хусусан, шу сабабли «Ғишткўприк» пости («Черняевка» номи билан машҳур) ёпилган. Бундан ташқари, Ўзбекистон расмийларига кўра, объектни реконструкция қилиш ишлари деярли якунланган, бироқ Қозоғистон томонида «Жибек йўли» назорат-ўтказиш пунктида ишлар эндигина бошланган.
ℹ️ «Фарғона» чегарадаги тирбандлик муаммоси ҳақида ёзганди. Маълум бўлишича, назорат-ўтказиш пунктида автомашиналарнинг тўпланиб қолгани ва узоқ муддат кечикишлари туфайли қийин вазият юзага келган. Ҳайдовчилар бир суткадан кўпроқ вақтдан буён навбатда туришган, улар иссиқ ҳаво, нормал шароит йўқлиги ва баъзи маълумотларга кўра, Қозоғистон томонидаги божхона ходимларининг товламачилигига дуч келишганини айтишган. Улар икки давлат ҳукуматини инқирозни бартараф этиш учун чора кўришга чақиришган.