Ўзбекистон ва Болгария пойтахтларида савдо уйлари очилади

Румен Радев ва Шавкат Мирзиёев . Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Болгария раҳбари Румен Радев ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш имкониятларини муҳокама қилди. Шу муносабат билан Тошкентда Болгария савдо уйи, Софияда эса Ўзбекистоннинг ана шундай ваколатхонасини очиш тўғрисида қарор қабул қилинди, деб хабар беради Марказий Осиё республикаси раҳбари матбуот хизмати.

Мирзиёев ва Радев ўртасида бўлиб ўтган музокараларида иқтисодий ҳамкорлик асосий мавзулардан бири бўлди. Савдо уйларининг «алмашинуви» билан бир қаторда, томонлар лабораторияларни аккредитация қилиш ва имтиёзли кредит линиялари ажратиш масалаларини ҳам муҳокама қилдилар.

Президентлар ўзаро савдо салоҳияти борасида биринчи навбатда, тўқимачилик ва кимё маҳсулотлари, озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармонлар, металл буюмлар ва технологик асбоб-ускуналарни етказиб беришни кенгайтириш ҳисобига экспорт-импорт операциялари сонини кўпайтиришга эътибор қаратдилар.

Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат саноати, фармацевтика, геология, сунъий интеллект, рақамли технологиялар ва IT, туризм соҳаларида қўшма лойиҳаларни илгари суриш устувор йўналиш сифатида қайд этилди.

Учрашувда самарали ерусти ва ҳаво транспорт йўлакларини ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шу маънода, томонлар икки давлат ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш имкониятини кўриб чиқишга келишиб олдилар.

Бунедан ташқари меҳнат ресурслари соҳасида тизимли ҳамкорликни йўлга қўйиш учун София шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Миграция агентлигининг ваколатхонасини очиш масаласи кўриб чиқилади.

Мирзиёев ва Радев гуманитар йўналишдаги ҳамкорликка ҳам тўхталди. Бухоро ва Варна, Самарқанд ва Пловдив шаҳарлари ўртасидаги қардошлик алоқалари қайд этилди. Давлат раҳбарлари академик ва илмий алмашинувларни фаоллаштириш, жумладан, жорий йилда Андижон шаҳрида етакчи олий ўқув юртлари ректорлари йиғилишини ўтказиш ташаббусини қўллаб-қувватладилар. Шунингдек, Ўзбекистон ва Болгария маданияти ва киноси ҳафталигини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди. Келгуси йилда ҳам шундай тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.

Эришилган келишувлар ижроси устидан тизимли назоратни таъминлаш мақсадида томонлар қўшма «йўл харитаси»ни қабул қилиш ва Ҳукуматлараро комиссия ҳамраислари даражасини ошириш, унинг ишига ҳудудлар ва йирик компаниялар раҳбарларини жалб қилишга аҳдлашилди.

Музокаралар якунида Мирзиёев ва Радев икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш тўғрисидаги Қўшма декларацияни имзоладилар. Бундан ташқари, президентлар иштирокида бошқа ҳужжатлар, жумладан, Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида 2026-2027 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури ҳамда Тошкент ва София шаҳарлари ўртасида шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги битим алмашилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ