Ашхобод туркман фуқароларининг АҚШга киришини тақиқлаш қарорини «шошилинч қадам» деб ҳисоблади

tngizt.gov.tm сайти фотосурати

Туркманистон фуқароларининг АҚШга киришига қисман тақиқ қўйилгани Ашхободда «ўта тушунмовчилик ва хавотир»га сабаб бўлди. Бу ҳақда республика Ташқи ишлар вазирлиги расмий сайтида эълон қилинган баёнотда сўз юритилади.

Ташқи ишлар вазирлиги Америка ҳукумати қарорини кенг кўламдаги, жумладан, миграция сиёсатидаги икки томонлама туркман-америка ҳамкорлиги натижаларини ҳисобга олмаган «шошилинч қадам» деб ҳисоблайди.

«Мақоми БМТ Бош Ассамблеяси резолюциялари билан уч марта эътироф этилган нейтрал давлат бўлмиш Туркманистон миграция соҳасидаги барча халқаро меъёр ва қоидаларга қатъий амал қилади. Шу нуқтаи назардан, Туркманистоннинг БМТ конвенцияларини амалда татбиқ этиш бўйича тажрибаси ҳуқуқий, ижтимоий, гуманитар ва бошқа кўплаб инсонларни қутқариш ва бошқа кўплаб муаммоларни ҳал қилишда қўлланилган. Бу БМТ ва бошқа нуфузли халқаро ташкилотлар шафелигида ўтказилаётган турли халқаро форумларда доимий равишда қайд этиб келинмоқда», — дейилади баёнотда.

Шунингдек, Марказий Осиё республикасида фуқароларнинг кириш-чиқиш масаласи ўзаро асосда кўриб чиқилиши, бу манфаатдор шахсларнинг қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан тегишли назоратни амалга ошириш имконини бериши таъкидланган. Хорижга, жумладан, АҚШга саёҳат қилаётган Туркманистон фуқаролари эса қонунга итоаткорлиги даражаси юқорилиги билан ажралиб туради.

ℹ️ Америка Қўшма Штатлари президенти Дональд Трамп «Қўшма Штатларни хорижий террорчилар ҳамда миллий хавфсизлик ва жамоат хавфсизлигига таҳдид соладиган бошқа таҳдидлардан ҳимоя қилиш мақсадида чет эл фуқароларининг киришини чеклаш» ҳужжатини имзолади, унга кўра, 19 давлат, жумладан Туркманистон фуқаролари учун АҚШга киришни тўлиқ ёки қисман тақиқлаш жорий этилган.

Бу давлат рўйхатга фақат муддати ўтган визалар даражаси туфайли киритилган. Ишбилармонлик ва туристик визалар учун — 15,35%, талабалик, профессионал ва алмашинув визалари учун — 21,74%. Шундай қилиб, юқоридаги барча турдаги визалар учун кириш тўхтатилади. Бундан ташқари, миграция хизматларига туркман фуқароларининг Америкада қолиш муддатини қонунчиликда рухсат этилган даражада қисқартириш бўйича топшириқ берилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ