Қирғизистон президенти Садир Жапаров мамлакатни 2030 йилгача ривожлантириш миллий дастурини тасдиқлади, бу эса кучли ва фаровон республикани шакллантириш йўлида қўлланма бўлади. Сиёсатчининг матбуот хизмати халққа мурожаатини эълон қилди, унда давлат раҳбари ўзи имзолаган ҳужжатнинг асосий бандларини батафсил ёритиб берди.
Жапаровнинг таъкидлашича, ушбу стратегик ҳужжат Қирғизистонни ўрта муддатли ривожланишининг устувор йўналишлари ва мақсадларини белгилаб беради.
«Бу барқарор ўсиш суръатларини таъминлаш, аҳоли турмуш даражасини ошириш, инсон салоҳиятини юзага чиқариш ва жамият бирлиги ва ички қувватининг асоси бўлган маънавий қадриятларни мустаҳкамлашга қаратилган», — деди президент.
Дастурда мамлакат тараққиётининг тўртта асосий йўналиши белгиланган.
Биринчиси — «Индустриялаштириш». Ушбу жараёндан кўзланган мақсад кластер усулидан фойдаланган ҳолда замонавий, кўп тармоқли саноат базасини яратиш ва юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотларни экспорт қилишга эътибор қаратишдан иборат.
Иккинчиси – «Минтақавий хаб». Республика раҳбари таъкидлашича, Қирғизистоннинг Хитой, Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо давлатлар, Марказий ва Жанубий Осиё давлатлари ўртасидаги геостратегик позицияси асосий транзит платформаси ва логистика марказига айланиш учун ноёб имконият яратади.
Учинчиси – «Қишлоқ хўжалиги ва туризм». Унда республика табиий ландшафт ва маданий мерос билан уйғунлашган ҳолда туризм ва аграр секторни барқарор ривожлантириш учун юқори рентабелли моделни яратишга кенг йўл очадиган юқори даражадаги қайта ишлаш ва қўшимча қийматга эга бўлган, экологик тоза қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқаришга қодир эканлиги алоҳида таъкидланган.
Тўртинчиси – «Яшил энергия». Мамлакатнинг бой гидроэнергетика салоҳияти ва қайта тикланадиган манбаларнинг мавжудлиги унинг энергетик хавфсизлигини, шунингдек, экспорт ресурсларини таъминлаш, давлатни «яшил» инвестициялар майдончасига айлантириш имконини беради.
Бундан ташқари, Дастур 2030 йилга мўлжалланган баъзи мақсадли мезонларни белгилайди:
✅ ялпи ички маҳсулот ҳажмини камида 30 миллиард долларгача ошириш;
✅ аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулотнинг 4500 АҚШ долларигача ошиши;
✅ реал иқтисодий ўсишнинг ўртача йиллик суръатини камида 8 фоизни таъминлаш;
✅ Қирғизистоннинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш бўйича етакчи 30 та давлат қаторига кириши;
✅ Инсон тараққиёти индекси рейтингида мамлакат ўрнини камида 10 поғонага кўтариш.
Жапаров таъкидлашича, давлат ишлари самараси ҳисоботларда эмас, реал ҳаётда акс этиши керак. Масалан, ишончли ва хавфсиз йўллар, замонавий мактаб ва шифохоналар, барқарор юқори маошли иш ўринлари, мусаффо муҳит, бюрократиясиз давлат хизматлари, эртанги кунга ишонч бағишловчи инфратузилма каби омиллар.
«Дастурнинг муваффақияти бизнинг ҳамжиҳатлигимиз, зукколигимиз ва барчанинг ҳисса қўшиш истагига боғлиқ. <…> Дастур самарали амалга оширилиши ва Қирғизистон Республикаси ўз қадриятлари, мустақиллиги, суверенитети ва юксак тараққиёт суръатларини сақлаб қолган ҳолда, замонавий дунёда ўзининг муносиб ўрнини эгаллашига чин дилдан ишонаман», — дея хулоса қилади президент.