Саудиянинг ACWA Power компанияси Ўзбекистон ҳукумати билан 5 миллиард долларлик лойиҳаларни амалга ошириш бўйича янги шартнома имзолаш ниятида. Бу ҳақда корпорациянинг Ўзбекистон бўйича молиявий директори Сумендра Раутга асосланиб Spot.uz хабар берди.
Қайд этилишича, бу ҳақда Саудия Арабистонидан келган корхона топ-менежери IV Тошкент инвестиция форуми доирасида баёнот берган. Раутнинг таъкидлашича, бугунги кунда компаниянинг Ўзбекистонга киритган сармоялари ҳажми 15 миллиард долларга етган. Ҳамкорлик доирасида 19 та ташаббус ҳаётга татбиқ этилмоқда, шундан 18 таси қайта тикланадиган энергия манбаларига оид.
Саудия компанияси вакилининг сўзларига кўра, ушбу бизнес тузилмаси ўзининг самарадорлиги ва рақобатбардош нархлари билан машҳур, бу Ўзбекистон расмийларининг биргаликдаги саъй-ҳаракатларга қизиқишини оширмоқда.
«Аммо биз бу билан тўхтаб қолмаймиз. Мақсадимиз сармоя ҳажмини ошириш», — деди Раут.
Қайд этилишича, корпоратив ижтимоий масъулият дастури доирасида ACWA Power Марказий Осиё давлатида кадрлар тайёрлаш билан шуғулланади. Шу тариқа унинг кўмагида Сирдарё вилоятида энергетика коллежи очилиб, унда 500 нафардан ортиқ ўқувчи таҳсил олмоқда. Қолаверса, уларнинг баъзилари аллақачон таълим муассасасини тарк этиб, Саудия компанияси объектларида ишлашга киришган.
Шу билан бирга, компания инвестициялар кўламини кенгайтиришни режалаштирмоқда. Жумладан, исломий молиялаштириш орқали Ўзбекистонда кичик ва ўрта бизнесни ривожлантиришга қўшилиш ниятида.
«Бизда тажриба, қобилият ва малака мавжуд. Ўзбекистон иқтисодий имкониятларни кенгайтириш жамғармасига ёрдам бериш истагидамиз. Шариатга мувофиқ молия воситалари кичик ва ўрта бизнесни ривожлантиришда анъанавий молия воситаларидан ҳам кўпроқ ёрдам бериши мумкин», — деб тушунтирди ACWA Power вакили.
11 июнь куни Шавкат Мирзиёев Хорижий инвесторлар кенгаши мажлиси доирасида Ўзбекистон-Саудия Ишбилармонлар кенгаши ҳамраиси, ACWA Power компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад Абунайян бошчилигидаги йирик компаниялар делегациясини қабул қилди. Томонлар амалий ҳамкорликни кенгайтириш ва устувор ташаббусларни амалга оширишни жадаллаштириш масалаларини муҳокама қилдилар. Қайд этилишича, Саудия бизнесининг Марказий Осиё республикасидаги қўшма лойиҳалари портфели бугунги кунда 24 миллиард долларга етган. Масалан, энергетика соҳасида ҳамкорлик муваффақиятли амалга оширилмоқда, жумладан Тошкент вилоятида «яшил» водород ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.