ЕТТБ Ўзбекистонда ирригация тизимини модернизация қилиш учун 250 миллион долларгача маблағ ажратади

ИССВ МАТБУОТ ХИЗМАТИ ФОТОСУРАТИ

Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) ва Ўзбекистон ўртасида 250 миллион долларгача суверен кредит ажратиш бўйича келишув имзоланди. Маблағлар бутун мамлакат бўйлаб 110 та ирригация насос станцияларини модернизация қилишга мўлжалланган, деб хабар беради Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги (ИССВ) матбуот хизмати.

Ҳужжатларни имзолаш маросими 9—12 июнь кунлари Ўзбекистон пойтахтида бўлиб ўтган IV Тошкент халқаро инвестиция форуми (ТХИФ) доирасида бўлиб ўтди.

Лойиҳа 10 та ҳудудни қамраб олади ва Ўзбекистон ирригация тизимини модернизация қилиш миллий дастурини амалга оширишга муҳим ҳисса бўлади, дея таъкидлайди вазирлик. Лойиҳа амалга оширилгач, йиллик электр энергияси истеъмоли 251 минг МВт/соатга, карбонат ангидрид гази чиқиндилари эса 117 минг тоннадан ортиқга қисқариши кутилмоқда. Бундан ташқари, тегишли инфратузилма янгиланади, жумладан, насос станциялари томларига қуёш панеллари ўрнатилади, бу эса объектларнинг энергия самарадорлигини ошириш имконини беради.

Бугунги кунда ЕТТБнинг Ўзбекистондаги инвестиция портфели умумий қиймати 5,6 миллиард евро бўлган 181 та лойиҳани ўз ичига олади. Ушбу маблағларнинг асосий қисми хусусий секторни ривожлантиришга йўналтирилган. Ўзбекистон кетма-кет бешинчи йил Марказий Осиёда ЕТТБ сармоясини энг кўп олувчи давлат ҳисобланади.

Аввалроқ, ЕТТБ 2025 йили инвестициялар ҳажмини яна 1,1 миллиард долларга ошириш ва шу орқали Ўзбекистондаги инвестиция портфелини 6,6 миллиард долларгача ошириш ниятида экани хабар қилинганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ