Қирғизистонда камбағаллик даражаси аҳоли сонига нисбатан 25,7 фоизга камайган

economist.kg сайти фотосурати

2024 йили Қирғизистонда камбағаллик даражаси 25,7 фоизга камайган ва бу бултурги йилга нисбатан 4,1 фоизга кам. Бундай маълумотлар Республика Миллий статистика қўмитаси томонидан эълон қилинди.

Мамлакатда 1 миллион 871 минг киши камбағаллик чегарасидан паст бўлиб, уларнинг қарийб 62 фоизи қишлоқ аҳоли пунктларида яшайди.

Умумий камбағаллик чегараси 2024 йили аҳоли жон бошига йилига 65 417 сомни (748 доллар), ўта қашшоқлик эса 41 349 сомни (473 доллар) ташкил этган.

Мамлакатнинг барча ҳудудларида камбағаллик даражаси пасайиши қайд этилган. Чуй вилоятида бу кўрсаткич 4,9 фоизга, Боткенда 4,1 фоизга, Таласда 3,3 фоизга, Жалолободда 3,2 фоизга, Иссиқкўл ва Норин вилоятларида мос равишда 2,6 ва 2,1 фоизга камайган.

Қашшоқликнинг сезиларли даражада қисқариши шаҳарларда ҳам қайд этилди: Бишкекда – 9 фоизга, Ўшда – 6,3 фоизга.

Миллий статистика қўмитаси, шунингдек, 2025 йил 1 апрель ҳолатига кўра Қирғизистон аҳолиси сони 7,308 миллион кишидан ошганини маълум қилди. Йилнинг дастлабки уч ойида мамлакатда 31755 нафар янги туғилган чақалоқ (1000 нафар аҳолига 17,7) рўйхатга олинган, 8371 нафар (1000 нафарга 4,7) вафот этган, табиий ўсиш 23384 нафарни (1000 нафар аҳолига 13 нафар) ташкил этган. Ушбу даврда чақалоқлар ўлими 413 та ҳолатни (1000 тирик туғилган чақалоққа 13 та) ташкил этган.

Миграция соҳасида ижобий ўсиш қайд этилди: мамлакатга 3576 киши кириб келган ва 538 киши чиқиб кетган, шу билан миграциянинг соф ўсиши 3038 кишини ташкил этган (10 минг аҳолига 4,2). Уч ой давомида 10192 та никоҳ (1000 нафар аҳолига 5,7 та) ва 3393 та ажралиш (1000 кишига 1,9 та) қайд этилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ