Россия тўққиз йил давомида «Барки Точик» компаниясининг $298 млн қарзидан воз кечади

СЕРГЕЙ ЦИВИЛЕВ ВА ДАЛЕР ЖУМА ЎРТАСИДАГИ МУЗОКАРА, 2025 ЙИЛ МАРТ. MINENERGO.GOV.RU САЙТИ ФОТОСУРАТИ

Тожикистон парламенти 16 июнь куни бўлиб ўтган йиғилишда Россия билан Сангтўда ГЭС-1 дан фойдаланиш бўйича келишувга ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги баённомани маъқуллади. Бу ҳақда «Ховар» хабар берди.

Ҳужжат «Барки тожик» энергетика компаниясининг 2024 йил 31 декабргача бўлган даврда тўпланган 3 миллиард 257 миллион сомони (деярли 298 миллион доллар) миқдоридаги қарздан босқичма-босқич воз кечишни назарда тутади. Баённомага кўра, Россия ва Тожикистон ҳукуматлари 2024 йилдан 2034 йилгача бўлган даврни ўз ичига олган қарздан воз кечиш жадвалини тасдиқлайди.

Қарздан воз кечиш Тожикистон томони бир қатор шартларни бажарган тақдирда амалга оширилади. Жумладан, ГЭС қошидаги ер участкаси ва унга туташ ҳудудни Сангтўда ГЭС-1 қўшма корхонасига бериш, тўловларни ўз вақтида тўлаш бўйича мажбуриятларни бажариш ва «Барки тожик» компаниясининг барқарор молиявий ҳолатини таъминлаш.

Баённомада, шунингдек, электр энергиясини сотиб олиш учун имтиёзли тарифлар белгиланади:

▶️ 2025 йили тариф бир киловатт/соат учун 1,5 центни ташкил этади, 2032 йилга бориб эса босқичма-босқич 2,2 центгача кўтарилади;

▶️ 2033 йилдан 2048 йилгача тариф 3,3 цент этиб белгиланади.

Лойиҳага киритилган сармояларни қоплаш муддати 20 йилдан 35 йилгача — 2048 йилгача узайтирилди. Томонлар капиталининг умумий миқдори 847 миллион доллар қилиб белгиланди.

Ҳисоб-китобларга кўра, эришилган келишувларнинг молиявий самарадорлиги 2025 йилдан 2049 йилгача бўлган даврда қарийб 588 миллион долларни ташкил этади. Қарзни ҳисобдан чиқариш Тожикистон томонининг молиявий юкини камайтиради ва энергетика секторини барқарорлаштиради.

Баённомани Тожикистон Энергетика ва сув ресурслари вазири Далер Жума ва Россия Энергетика вазири Сергей Цивилев 2025 йил апрель ойида имзолаган. Ҳужжат томонлар тегишли ички тартиб-қоидаларни бажариб, бу ҳақда бир-бирини хабардор қилганидан кейин кучга киради.

ℹ️ «Сангтўда ГЭС-1» ОАЖ — Тожикистон-Россия қўшма корхонаси. Россия томони компаниянинг устав капиталидаги улуши ГЭС қурилишига киритилган инвестицияларни ҳисобга олган ҳолда 75 фоиз минус бир акция ёки 635,5 миллион долларни ташкил этади. Тожикистон томонининг улуши, Сангтўда-1 қурилиши тугалланмаган қурилишининг индексация қилинган қиймати ва фойдаланилган қурилиш материалларига берилган имтиёзларни ҳисобга олган ҳолда, 25% плюс бир акция ёки 211,8 миллион долларни ташкил этади.

Душанбе шаҳридан икки юз километр жанубда жойлашган Вахш дарёсида ГЭС қурилиши тўрт йил давомида – 2005 йилдан 2009 йилгача амалга оширилди. «Сангтўда-1» 2008 йил 20 январда илк саноат токини ишлаб чиқарди. Шу куни ушбу станциянинг 167 МВт қувватга эга биринчи ГЭСи ишга туширилди. Ўшандан бери станцияда қарийб 34,7 миллиард киловатт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилди.

Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ва Россиянинг ўша пайтдаги раҳбари Дмитрий Медведев иштирокида барча тўрт гидроагрегатдан иборат ГЭСнинг тантанали фойдаланишга топширилиши орадан бир ярим йил ўтиб – 2009 йил 31 июлда бўлиб ўтди.

Сангтўда ГЭС-1 нинг 167,5 МВт қувватга эга тўртта гидроэлектр блокининг барчаси Россиянинг етакчи энергетика ускуналари ишлаб чиқарувчиси «Силовые машины» ОАЖ томонидан ишлаб чиқарилган ва станцияга етказиб берилган.

Сангтуда ГЭС-1 сув омбори 2010 йил ноябрь ойи бошида сувнинг нормал сатҳидан (571,5 метр) лойиҳа белгисигача тўлдирилган эди.

Ҳозирда станция Тожикистонда ўрнатилган қуввати (670 МВт) бўйича Нурек ГЭСидан (3000 МВт) кейин иккинчи ўринда туради. Сангтўда-1 ҳиссасига Тожикистонда ишлаб чиқариладиган электр энергиясининг 10 фоизи тўғри келади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ