Agalarov Development компанияси компанияси Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги Чорвоқ сув омбори қирғоғида Sea Breeze Uzbekistan кенг кўламли курорт лойиҳасини амалга ошириш чоғида юзага келиши мумкин бўлган экологик хавф-хатарлар билан боғлиқ аҳолининг хавотирларига изоҳ берди.
Компаниянинг таъкидлашича, ҳозирги босқичда қурилиш ишлари олиб борилмаяпти — ҳудудни тозалаш ва чиқиндиларни йиғиш ишлари олиб борилмоқда. Ўзбекистон қонунчилигига мувофиқ, ҳар қандай қурилиш ишлари Экология вазирлиги ва тегишли ҳудудий ҳокимият органлари томонидан мажбурий экологик экспертизадан ўтказилгандан кейингина амалга оширилиши мумкин.
Компания томонидан ишлаб чиқилган техник эчимлар ваколатли органларга расман тақдим этилади ва қурилиш фақат экологик экспертиза тасдиқланганидан кейингина бошланади, дея таъкидлайди компания.
Лойиҳани тайёрлаш жараёнида Ўзбекистоннинг етакчи архитекторлари, муҳандислари ва жамоат арбобларини муҳокамага жалб этиш режалаштирилган. Оқава сувларни тозалаш тизимига алоҳида эътибор қаратилмоқда: мураккаб технологиялар қўлланилиши тахмин қилинмоқда. Айни пайтда Чорвоқ қирғоғидаги мавжуд туристик объектлар оқава сувларни Тошкент шаҳри учун сув олиш иншоотидан қуйи оқимда жойлашган Чирчиқ тозалаш иншоотларига йўналтирувчи канализация тармоғига уланган. Янги Sea Breeze Uzbekistan дам олиш масканини ҳам ана шу тизимга улаш имкониятлари кўриб чиқилмоқда.
Компания тозалаш иншоотлари қувватини ошириш ва уларни ўз вақтида модернизация қилиш масъулиятини ўз зиммасига олади. Тозаланган сувнинг катта қисми суғориш ва бошқа маиший эҳтиёжлар учун қайта ишлатилади.
Тўғридан-тўғри оқава сувларни сув омборига йўллаш истисно қилинади ва режалаштирилмаган.
Мазкур талабларга риоя этилиши Ўзбекистон давлат органлари томонидан назорат қилинади.
Аввалроқ Agalarov Development президенти Эмин Агаларов жамоатчиликнинг экологик хавф-хатарлар ҳақидаги хавотирларини изоҳлар экан, экология — компаниянинг устувор йўналиши эканини таъкидлаган эди.
«Чорвоқ — Тошкентни сув билан таъминловчи асосий сув омбори. Биз уни нафақат сақлаб қолдик, балки имкон қадар яхшиладик», — деди Агаларов. Шунингдек, у курорт ҳудудида Dream Fest халқаро мусиқа фестивалини ўтказиш ва кўплаб ресторан операторларини жалб этиш режалари ҳақида гапирди.
ℹ️ 10 июнь куни Тошкент инвестиция форуми доирасида Agalarov Development компанияси Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги билан мамлакатда туризм соҳасини ривожлантириш бўйича ҳамкорликда иш олиб бориш тўғрисида шартнома имзолади.
Кенг кўламли лойиҳанинг биринчи босқичи Чорвоқ сув омбори қирғоғида бутун мавсум учун мўлжалланган Sea Breeze Uzbekistan курортининг қурилишидир. Умумий майдони 577 гектар бўлган лойиҳа 7-10 миллиард долларга баҳоланмоқда. Бу турар-жой қуриш, меҳмонхоналар, виллалар, ресторанлар ва инфратузилмани, жумладан, Тошкент билан қулай транспорт алоқаси учун кўприк қурилишини кўзда тутади, бу курортга бориш вақтини бир соатгача қисқартиради.
Agalarov Development курорт инфратузилмасини ривожлантириш бўйича 18 йилдан ортиқ тажрибага эга, жумладан, у Озарбайжонда Sea Breeze лойиҳасини амалга оширган. Компания маълумотларига кўра, бу ерда 10 миллиондан ортиқ дарахт экилган ва ёввойи табиат учун қулай муҳит яратилган. Компания худди шундай экологик стандартларни Ўзбекистонда ҳам жорий этишни режалаштирмоқда.