Қозоғистоннинг учта футбол клуби еврокубокларнинг биринчи саралаш босқичидаги рақибларини билиб олди.
Мамлакат чемпиони Олмаотанинг «Қайрат» жамоаси Чемпионлар лигаси саралаши доирасида Словениянинг энг кучли жамоаси «Олимпия» билан ўйнайди. Қайд этиш лозим, «Қайрат» икки йилдан буён еврокубокларда ўйнамаяпти, «Олимпия» эса ўтган мавсумда Конференция лигасининг плей-офф босқичига чиққанди.
Биринчи ўйин 9 июль куни Словенияда, жавоб ўйини 16 июль куни Олмаотада бўлиб ўтади.
Қозоғистон кубоги ғолиби «Актўбе» Европа лигасида Польша кубоги соҳиби «Легия» билан учрашади. Қизиғи, «Легия» сўнгги 10 йил ичида тўртинчи бор Қозоғистон жамоаси билан ўйнамоқда. Аввалроқ Варшава клуби «Актобе» ва «Ордабаси»ни мағлуб этганди. 2017 йили Чемпионлар лигаси саралашида польшаликларни фақат «Астана» нокаутга учратган эди.
Биринчи ўйин 10 июль куни Варшавада, жавоб ўйини 17 июль куни Ақтўбеда бўлиб ўтади.
Конференция лигасида Қозоғистон чемпионатида тўртинчи ўринни эгаллаган Чимкентнинг «Ордабаси» жамоаси Грузия чемпионати кумуш медали совриндори «Торпедо» (Кутаиси) жамоасига қарши баҳс олиб боради. Кутаисияликлар ҳам Қозоғистон жамоалари билан тез-тез кесишади, лекин доим мағлуб бўлишади. «Торпедо» 2019 йили Европа Лигаси саралашида «Ордабаси»га мағлуб бўлганди, шунингдек, Европа Лигаси ва Конференция лигаси саралашида «Актобе» туфайли икки марта мусобақани тарк этганди.
Биринчи ўйин 10 июль куни Грузияда, жавоб ўйини эса 17 июль куни Чимкентда бўлиб ўтади.
Қолаверса, Қозоғистондан кумуш медал совриндори «Астана» ҳам Конференция лигасида иштирок этади. Пойтахтликлар иккинчи саралаш босқичидан старт оладилар.