Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев минтақада инфратузилма ташаббусларини илгари суриш платформасига айланадиган «Марказий Осиё – Хитой» тараққиёт фондини ташкил этишни таклиф қилди. Зеро, айнан шу соҳада юзлаб миллиард долларлик капитал қўйилмалар тақчиллиги мавжудлиги сабабли, дея республика раҳбари сўзларидан иқтибос келтиради унинг матбуот хизмати.
Мирзиёев 17 июнь куни Остона шаҳрида бўлиб ўтган «Марказий Осиё-Хитой» саммитида махсус жамғарма ташкил этиш ғоясини илгари сурди. Бундан ташқари, Ўзбекистон Президенти ўз нутқида минтақа давлатлари ва Хитой ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган қатор бошқа ташаббусларни ҳам айтиб ўтди.
Давлат раҳбари жорий саммит халқаро вазият сезиларли даражада ёмонлашаётгани фонида ўтаётганини алоҳида таъкидлади. Шу муносабат билан йиғилиш иштирокчилари томонидан қабул қилинган Абадий яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома қабул қилиниши тарихий аҳамиятга эга экани таъкидланди. Ушбу шартномани ривожлантириш мақсадида аниқ механизм ва лойиҳаларни киритган ҳолда Узоқ муддатли шериклик концепциясини ишлаб чиқиш таклиф этилди.
Ўзбекистон етакчиси таъкидлаганидек, Хитой билан савдо, инвестициявий ва технологик ҳамкорлик Марказий Осиёнинг барча мамлакатларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш стратегияларини амалга оширишда кучли локомотив бўлиб хизмат қилмоқда. Янги иқтисодий шериклик дастурини тез фурсатда қабул қилиш ҳамда Бош вазир ўринбосарлари даражасида Савдо ва инвестициялар бўйича ҳудудлараро кенгашни таъсис этиш бу борадаги амалий қадам бўлади.
Бундан ташқари, Мирзиёев қуйидагиларни таклиф қилди:
✅ «Рақамли макон ва йўл» доирасида «Рақамли Ипак йўли» кўп томонлама савдо платформасини ташкил этиш;
✅ регламент ва стандартларни яқинлаштириш, экспорт маҳсулотларини Хитой талаблари асосида сертификатлаш учун Саноатда стандартлаштириш ва сертификатлаштириш минтақавий марказини ташкил этиш;
✅ технологиялар трансфери бўйича алоҳида «йўл харитаси»ни қабул қилиш;
✅ саноат кластерлари, технопарклар ва логистика хаблари тизимини ўз ичига олган «Марказий Осиё — Хитой саноат ва инфратузилма макони» узоқ муддатли стратегиясини ишлаб чиқиш.
Ўзбекистон раҳбарининг сўзларига кўра, бугунги кунда узоқ муддатли иқтисодий ўсишнинг драйвери сунъий интеллект ва рақамли технологиялар бўлиб, Иқтисодий ҳамкорликнинг барқарор рақамли инфратузилмасини шакллантириш мақсадида катта маълумотлар базалари ва процессинг марказларининг Ўзаро интеграциялашган банклар тармоғини яратиш, шунингдек, асосий энергетика ва транспорт йўналишлари бўйлаб «Марказий Осиё – Хитой» оптик толали алоқа линиясининг рақамли трассасини барпо этишни таклиф қилди.
Республика Президенти экология соҳасида ўзаро ҳамкорлик зарурлигини таъкидлади. Хусусан, 2030 йилгача мўлжалланган «Яшил» ривожланиш дастурини қабул қилишни жадаллаштириш, шунингдек, чўлланишга қарши курашиш, деградацияга учраган ерларни тиклаш, қурғоқчил ва чўл ҳудудларида биоэкологик барқарорликни ошириш бўйича мулоқот ва шериклик учун Экологик альянсни тузишга чақирди.
Яна бир муҳим масала — хавфсизлик. Бу ерда, Мирзиёев таъкидлаганидек, халқаро ҳамжамият эътиборини Афғонистон муаммоларига қаратиш, шунингдек, терроризм, экстремизм, наркотрафик, ноқонуний миграция ва кибержиноятчиликка қарши курашда махсус хизматлар орқали яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадга мувофиқдир.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Президенти Марказий Осиё давлатлари ва Хитой ўртасидаги муносабатларда жиддий силжиш кузатилаётганини таъкидлади. Хусусан, вазирлар ва экспертларнинг учрашув ва конференцияларини ўтказишнинг самарали механизмлари ишлаб чиқилиб, кенг кўламли ҳамкорликнинг ҳуқуқий асослари шакллантирилмоқда. Савдо айланмаси ҳам ошиб бормоқда ва мутахассисларнинг фикрича, жорий йили 100 миллиард долларга этади.
ℹ️ 17 июнь куни Остона шаҳрида «Марказий Осиё —Хитой» иккинчи саммити бўлиб ўтди. Тадбирда Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин, Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон, Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этди.
Учрашув якунлари бўйича давлат раҳбарлари Остона декларацияси ҳамда Абадий яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартномани имзоладилар, шунингдек, ҳукуматлараро ва идоралараро салмоқли ҳужжатлар тўплами қабул қилинди.