Ўзбекистон президенти «Тошкент-Шарқий» аэропорти қурилишини кўздан кечирди

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятида жойлашган «Тошкент-Шарқий» аэропортини реконструкция қилиш жараёни билан танишди. Жумладан, у тўлиқ янгиланган, ҳатто оғир тоифадаги самолётларни ҳам қабул қила оладиган 4 километрлик учиш-қўниш йўлаги мажмуасини кўздан кечирди, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Республика раҳбари қурилаётган объектларни бориб кўрди. Ҳозирда у ерда юқори мартабали меҳмонлар ҳамда бизнес-авиация учун 2 та терминал, перрон ва ангарлар барпо этилмоқда.

Аэропорт ноқулай об-ҳаво шароитларида ҳам учиш-қўнишни таъминловчи ICAO (Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти) III-А тоифасидаги илғор радиотехника ва метеорология ускуналари билан жиҳозланади. Ёпиқ ангарларда самолётлар соз ва хавфсиз сақланиши учун замонавий шароитлар таъминланади.

Қайта реконструкция қилинган «Тошкент-Шарқий» аэропортининг фойдаланишга топширилиши ҳақли равишда стратегик лойиҳа сифатида баҳоланади, чунки у юқори халқаро стандартларга жавоб берадиган тезкор, хавфсиз ва қулай ҳаво қатновини таъминлаш, шунингдек, пойтахтнинг асосий ҳаво портини енгиллаштиришга мўлжалланган.

Қолаверса, қулай жойлашуви туфайли янги иншоот республика пойтахти ва ҳозирда қурилаётган Янги Тошкент учун муҳим транспорт узелига айланади. «Шарқий» Тошкент вилоятида туризм индустриясини ривожлантириш учун қўшимча рағбат бўлиб хизмат қилади.

Яна бир муҳим жиҳат: халқаро ташрифлар ва ишбилармонлик сафарларини амалга ошириш имкониятлари кенгаяди, хорижий инвесторларни қабул қилиш учун шароитлар яхшиланади. Бунинг натижасида иқтисодий фаоллик ошади ва Ўзбекистоннинг хорижлик ишбилармонлар учун жозибадорлиги ортади.

Мирзиёев лойиҳанинг техник хусусиятлари, терминалларнинг архитектуравий ечими билан танишиб, қурилиш ишларини жадаллаштириш, сервис даражасини ошириш бўйича аниқ топшириқлар берди, деб қўшимча қилди президент матбуот хизмати.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ