Афғонистондаги 76 фуқаролик жамияти ва инсон ҳуқуқлари ташкилотлари АҚШнинг собиқ дипломати Залмай Ҳалилзодни мамлакатдаги сиёсий инқироздаги роли учун халқаро жавобгарликка тортишни талаб қилиб очиқ хат йўллади, дея хабар беради Khaama.
Мактубда Ҳалилзод аввалги Афғонистон ҳукуматини ағдаришда ёрдам берганликда, «Толибон»* ҳаракатини қонунийлаштиришда ва можаро пайтида жиноятларга алоқадор кимсаларга иммунитет беришда айбланади. Имзоловчилар унинг ҳаракатлари толибларнинг ҳокимиятга қайтишига ва республика тузумининг издан чиқишига ҳисса қўшган, деб ҳисоблашади.
Мактуб муаллифлари Ҳалилзоднинг иши Халқаро жиноий судга юборилишини, унинг Афғонистон билан боғлиқ сиёсий ва маслаҳатчилик фаолияти тақиқланишини талаб қилади. Улар, шунингдек, унинг медиа фаоллиги ва молиявий алоқаларини текширишга чақирадилар.
Имзоловчилар уларнинг мақсади адолатга эришиш ва уларнинг фикрича, Афғонистон Республикасининг қулаши ва «Толибон»нинг тикланишига ҳисса қўшган барча шахсларни жавобгарликка тортиш эканини таъкидлайди.
Очиқ макбутга инсон ҳуқуқлари, сўз эркинлиги, ўтиш даври одилсудлови ва фуқаролар қаршилик кўрсатиш соҳаларида фаолият юритувчи ташкилотлар имзо чеккан. Барча ташкилотларнинг расмий логотиплари ва номлари мактубдаги иловада келтирилган. Мурожаатнинг тўлиқ нусхаси ва уни тасдиқловчи ҳужжатлар яқин кунларда халқаро тузилмалар, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар ва етакчи жаҳон оммавий ахборот воситаларига юборилади.
Аввалроқ, шу йилнинг май ойида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва ўтиш даври одилсудлови масалалари билан шуғулланувчи 64 ташкилот Халқаро жиноий суддан Ҳалилзоднинг рафиқаси Шерил Бенардга қарши тергов очишни талаб қилган эди. У толиблар сиёсатини оқлаш ва афғон аёллари ҳуқуқларини бузишда қатнашишда айбланмоқда. Бенард «Толибон» даврида аёлларга нисбатан камситиш кўламини камайтиргани ва қочқинларни Афғонистонга қайтаришга чақиргани учун танқид қилинган. Ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, Бенарднинг хатти-ҳаракатлари ва сўзлари аёлларни асосий ҳуқуқларидан маҳрум қилувчи режимни қонунийлаштиришга ёрдам беради.
ℹ️ Залмай Ҳалилзод, 74 ёшда, пуштун миллатига мансуб ва асли афғонистонлик бўлган АҚШ фуқароси. Жорж Буш маъмуриятида аввал Афғонистон бўйича махсус вакил, кейин эса Кобулдаги элчи бўлган. У 2018 йил сентябрида АҚШнинг ўша пайтдаги президенти Дональд Трамп томонидан Афғонистон бўйича махсус элчи этиб қайта тайинланган эди. У Трамп маъмуриятининг толиблар билан 2020 йил февралида Доҳада имзоланган тинчлик келишуви меъмори бўлганди.
Халилзод 2021 йил октябрь ойида, «Толибон» ҳаракати Кобулда ҳокимиятни эгаллаб олганидан кўп ўтмай, АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус вакили лавозимини тарк этди. Халилзод ўз истеъфоси ҳақидаги мактубида Трамп даврида ўзи бевосита иштирок этган Афғонистон ҳукумати ва «Толибон» ҳаракати ўртасидаги сиёсий келишувнинг амалга оширилиши «режадагидек ўтмаганини» тан олган.
*«Толибон» ҳаракати бир қатор мамлакатларда террорчи ташкилот деб тан олинган ва тақиқланган.