Қозоғистон ҳукумати Италиянинг Eni ва Британиянинг Shell компаниялари шартлари асосида ғарбий сармоядорлар консорциуми билан Қорачиғаноқ конида газни қайта ишлаш заводини қуришдан бош тортди. Бу ҳақда КазИнформ агентлигига республика Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
«Қозоғистон музокаралар якунлари бўйича акциядорлар томонидан қўйилган шартларни иқтисодий нуқтаи назардан номақбул деб тан олди. Улар орасида Қорачиғаноқ газни қайта ишлаш заводини қуриш учун 100 фоизлик харажатларга қўшимча равишда 1 миллиард доллар тўлаш шарти ҳам бор эди», — дейилади хабарда.
Акциядорлар бу талабни Қозоғистон билан маҳсулот тақсимоти бўйича келишув муддати 2033 йилда тугаши сабабли завод қурилиши харажатларини 3-4 йил ичида қоплашнинг иложи йўқлиги билан изоҳлаган.
Акциядорларнинг яна бир шарти даромадни асоссиз ушлаб қолиш бўйича Қозоғистон билан арбитраж ишини тўлиқ тўхтатиш бўлган.
«Шу нуқтаи назардан, Қорачиғаноқ лойиҳаси бўйича маҳсулот тақсимотига оид якуний келишув доирасида бошланган Қорачиғаноқ газни қайта ишлаш заводи лойиҳаси бўйича музокаралар якунланди. Бироқ, Қорачиғаноқ конининг газ салоҳияти масаласи ҳали ҳам ишлаб чиқилмоқда», — дея хабар қилади Энергетика вазирлиги.
Аввалроқ Bloomberg агентлиги Қозоғистон ҳукумати газни қайта ишлаш заводи қурилиши лойиҳасини «КазМунайГаз»га (Самрук-Казина давлат фонди шўъба корхонаси) ўтказиш имкониятини кўриб чиқаётгани ҳақида хабар берганди.
Ғарбий Қозоғистондаги Қорачиғаноқ нефть ва газ конденсат кони 280 квадрат километрдан ортиқ майдонни эгаллайди ва дунёдаги энг йирик конларидан бири ҳисобланади. У 1997 йил 18 ноябрда Қозоғистон билан имзоланган маҳсулот тақсимоти тўғрисидаги битим (МТБ) доирасида халқаро консорциум томонидан ишламоқда. Қорачиғаноқ лойиҳаси операторлари — Royal Dutch Shell ва Eni — ҳар бири 29,25 фоиздан тенг улушларга эга. Лойиҳада Chevron (18%) ва «ЛУКОЙЛ» (13,5%) компаниялари ҳам иштирок этмоқда. «КазМунайГаз» миллий компаниясининг улуши 10 фоизни ташкил этади.
Конда қазиб олинаётган газнинг катта қисми ҳозирда қайта ер қатламига жўнатилмоқда, қолган қисми Россияга, Оренбург газни қайта ишлаш заводига юборилади, чунки коннинг ўзида маҳсулотни қайта ишлаш қуввати йўқ. Қорачиғаноқ газни қайта ишлаш заводини қуриш бўйича мунозаралар 2000 йиллардан бери давом этиб келмоқда.