
Ақтўбе (Қозоғистон ғарбидаги шаҳар) суди маҳаллий фуқарони тарихга «Желтоксан» («Декабрь») номи билан кирган 1986 йил декабрь воқеалари билан боғлиқ сиёсий қатағон қурбони деб топди. Бу ҳақда 20 июнь куни республика Олий суди матбуот хизмати хабар берди.
Иш материалларига кўра, даъвогар 1985 йили Қозоғистон Давлат университетининг фалсафа ва иқтисод факультети талабаси бўлган. Бироқ орадан бир йил ўтиб, жамоат тартибини бузганликда айбланиб, университетнинг иккинчи курсидан ҳайдалган. Унинг ўқишдан ҳайдалишига 1986 йил 18 декабрда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан декабрь воқеаларида иштирок этганликда гумонланиб, ҳеч қандай айблов қўйилмаган ҳолда ҳибсга олиниши сабаб бўлган.
Кейинчалик озод қилинганига қарамай, талаба КПСС сафидан чиқарилган, таъқибга учраган ва иш топа олмаган. Унинг шу университетнинг фалсафа факультетини тамомлаган рафиқаси ҳам худди шундай сабабларга кўра ишга жойлашолмаган, дейилади хабарда.
1990-1993 йиллари уларнинг уч нафар ёш боладан иборат оиласи ижарага уй-жой олишга мажбур бўлган ва ижтимоий ҳимоясиз аҳволга тушиб қолган.
2025 йили, декабрь воқеаларидан деярли 40 йил ўтиб, 64 ёшли эркак сиёсий қатағон қурбони сифатида тан олиниши сўраб судга мурожаат қилган. Суд, аризачи ҳақиқатан ҳам 1986 йил декабрь воқеаларида иштирок этгани ва таъқибга учраганини, хусусан, унинг меҳнат ҳуқуқлари чекланганини аниқлаган. Бу ҳолатлар университет ва Олмаота прокуратурасининг архив маълумотномалари, шунингдек, гувоҳларнинг кўрсатмалари билан тасдиқланган.
«Фуқаролик процессуал кодексининг 306-моддаси ва «Оммавий сиёсий қатағон қурбонларини реабилитация қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 2-моддасига асосан суд даъвогарни 1986 йил воқеалари билан боғлиқ сиёсий қатағон қурбони деб топди», — дейилади Олий суд матбуот хизмати хабарида. Қарор аллақачон қонуний кучга кирган.
Қозоғистонда 1993 йилдан буён «Оммавий сиёсий қатағон қурбонларини реабилитация қилиш тўғрисида»ги қонун амал қилади, деб эслатади Tengrinews.kz. 2023 йилдан бошлаб сиёсий қатағон қурбонларига бир марталик компенсация ва ойлик нафақалар тўлаб келинмоқда. Ушбу мақомга эга бўлган одамлар ижтимоий хизматлар кўрсатилишида ҳам устувор аҳамиятга эга.
1986 йил декабрь ойида Олмаотани ёшларнинг оммавий норозилик намойишлари қамраб олган. Бунинг пайдо бўлишига КПСС Марказий Қўмитаси Сиёсий бюросининг Қозоғистон Компартияси Марказий Қўмитасининг биринчи котиби Динмуҳамед Кунаев ўрнига ҳеч қачон Қозоғистон ССРда яшамаган ва ишламаган Геннадий Колбинни тайинлаш тўғрисидаги қарори сабаб бўлган. Олмаота марказий майдонида бўлиб ўтган намойишлар шафқатсизларча бостирилган. 1700 дан ортиқ одам жароҳатланган. Фаоллардан бири Қайрат Рисқулбеков КГБ тергов ҳибсхонасида — расмий версияга кўра, ўз жонига қасд қилиш натижасида вафот этган. Тўқнашувларнинг юзлаб иштирокчилари таълим муассасаларидан ҳайдалган, кўплари жаримага тортилган.