БМТнинг бешта махсус маърузачиси Қирғизистон ҳукуматига Бишкекдаги троллейбус транспортини тугатиш қарорини қайта кўриб чиқишга чақирувчи резолюция билан мурожаат қилди. Бу ҳақда пойтахтда экологик тоза транспортни сақлаш тарафдори бўлган фаоллар маълум қилди, деб ёзади Kaktus.media.
Резолюция БМТнинг инсон ҳуқуқлари ва атроф-муҳит, заҳарли чиқиндилар, саломатлик ҳуқуқи, иқлим ўзгариши ва давлат бошқарувида иштирок этиш масалалари бўйича маърузачилари томонидан тайёрланган. Улар Қирғизистон Париж келишуви бўйича мажбуриятларни ўз зиммасига олгани ва ҳавога чиқиндиларни камайтириши, фуқароларнинг тоза атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқини таъминлаши кераклигини эслатди.
Айни пайтда троллейбусларни электр автобуслари ва газда ҳаракатланувчи транспортларга алмаштириш ҳаво ифлосланиши муаммосини ҳал этмайди ва ҳатто экологик вазиятни ёмонлаштириши мумкин, дейилади ҳужжатда. БМТ махсус маърузачилари троллейбус линияларини демонтаж қилишни тўхтатиш ва шаҳарнинг транспорт стратегиясини қайта кўриб чиқишга чақиради.
Фаолларнинг эслатишича, 2024 йил август ойида фуқаролар ва мутахассисларнинг кўплаб мурожаатларига қарамай, шаҳар кенгаши троллейбусларни Ўшга кўчиришга қарор қилган ва бу борада суд жараёнлари давом этмоқда. Қирғизистон пойтахти аҳолиси 25 июнь куни бўлиб ўтадиган навбатдаги суд мажлисига келишга чақирилмоқда.
Аввалроқ Осиё тараққиёт банки (ОТБ) унинг Бишкекдаги транспортни электрлаштириш лойиҳаси троллейбусларни тўлиқ электробусларга алмаштириш эмас, уларни сақлаб қолишдан иборат бўлганини тушунтирган эди. Банк троллейбус йўлларини демонтаж қилиш кредит ва грант шартларига киритилмаганини таъкидлади.