Эрон-Исроил ракета алмашинуви бошланганидан буён баъзи халқаро авиакомпаниялар Афғонистон орқали парвозларини амалга ошира бошлади, бу эса Афғонистон ҳудуди орқали ҳаво қатновининг беш баравар кўпайишига олиб келди, дея хабар беради Khaama.
FlightRadar24 маълумотларига кўра, Афғонистон ҳаво ҳудудидан фойдаланувчи парвозлар сони беш баравардан ошиб, кунига 280 тага етган.
Ҳаво транзитининг ортиши вазият таранглигича қолаётган Яқин Шарқ минтақаси устидан парвозлар хавфсизлигига оид хавотирлар билан боғлиқ. 2021 йили «Толибон»* ҳокимият тепасига келганидан бери кўпчилик авиакомпаниялар диспетчер бошқаруви йўқлиги ва беқарорлик туфайли Афғонистон осмонидан қочишган эди. Бироқ, 2023 йилдан бошлаб вазият аста-секин барқарорлашди ва айрим авиаташувчилар Афғонистон ҳаво ҳудудидан яна фойдаланишни бошлади.
Толиблар ҳар бир транзит учун 700 доллар олади ва ҳозирда ҳафтасига 1 миллион доллардан ортиқ даромад қилишмоқда.
Бироқ, Покистон Эронни четлаб ўтиш учун афзал ҳаво транзит зонаси бўлиб қолмоқда. Аксарият авиакомпаниялар таваккал қилмасликни афзал кўриб, Афғонистон ҳаво ҳудудини четлаб ўтишмоқда.
ℹ️ 13 июнга ўтар кечаси Исроил мудофаа кучлари (ЦАХАЛ) кенг кўламли «Уйғонган шер» операциясини бошлади, ушбу операция доирасида ҳаво кучлари ҳарбий объектлар ва Эрон ядровий дастури объектларига зарбалар берди. Оқибатда Эроннинг бир неча юқори мартабали ҳарбий хизматчилари, жумладан Эрон Қуролли кучлари Бош штаби бошлиғи ва ИИҚК қўмондони, шунингдек, қатор ядро соҳаси олимлари ҳалок бўлди. Эрон бунга жавобан «Ҳақиқий ваъда 3» операциясини бошлади ва Исроилдаги нишонларни бомбардимон қилди.
22 июнга ўтар кечаси АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари ҳам Эронга ҳужум уюштирди, учта ядро марказига – Фордо, Натанз ва Исфахонга зарба берди. АҚШ президенти Дональд Трамп ҳужумни «Америка Қўшма Штатлари, Исроил ва бутун дунё учун тарихий лаҳза» деб атади. У Эроннинг АҚШга қарши ҳар қандай жавоб зарбаси «жуда катта куч билан кутиб олинишидан» огоҳлантирди.
*«Толибон» ҳаракати бир қатор мамлакатларда террорчи ташкилот деб тан олинган ва тақиқланган.