Саудиянинг ACWA Power компанияси 280 миллион доллар миқдорида кредит олди ва бу маблағ «Нукус-2» лойиҳасини молиялаштиришга йўналтирилади. Ушбу ташаббус доирасида Қорақалпоғистонда (Ўзбекистон таркибидаги суверен республика) шамол электр станцияси (ШЭС) ва тегишли объектлар қурилади. Бу ҳақда Саудия Арабистони корпорацияси матбуот хизматига таяниб, Spot.uz хабар берди.
Лойиҳани молиявий қўллаб-қувватлаш хати бир қанча ташкилотлар томонидан имзоланган. ШЭС қурилишида ACWA Power компаниясидан ташқари Осиё тараққиёт банки, Saudi Exim Bank, Осиё инфратузилма инвестиция банки, Нидерландия корхоналарни ривожлантириш банки ва Standard Chartered Bank иштирок этади. Қайд этилишича, ҳужжат Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида имзоланган.
«Нукус-2» лойиҳаси 200 мегаватт қувватга эга шамол электр станцияси ва 100 мегаватт қувватга эга аккумулятор энергиясини жамлаш тизимини қуришни назарда тутади.
ОАВнинг қўшимча қилишича, Ўзбекистон ва ACWA Power компанияси ўртасида Қорақалпоғистонда ушбу объект қурилиши бўйича шартнома 2024 йил март ойида имзоланган. Ишларни Саудия компанияси амалга ошириши, Европа тикланиш ва тараққиёт банки ҳам инвестор сифатида иштирок этиши режалаштирилган эди. Ўшанда давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширилаётган лойиҳа қиймати 262,6 миллион доллар бўлиши хабар қилинганди.
Саудия Арабистони корпорацияси Марказий Осиё республикасида «яшил» энергетикани ривожлантиришда катта рол ўйнайди. Масалан, бир неча кун аввал Бухоро вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати ACWA Power компанияси Ғиждувон туманида шамол электр станциясини ишга туширгани ҳақида хабар берган эди. Умумий қиймати 650 миллион доллар бўлган лойиҳа йилига 1,8 миллиард киловатт/соатгача энергия ишлаб чиқариш имконини беради.
Аввалроқ, ACWA Power АCWА компаниясининг Ўзбекистон бўйича молиявий директори Сумендра Раут саудияликлар республика ҳукумати билан умумий қиймати 5 миллиард долларлик лойиҳаларни амалга ошириш бўйича янги шартнома имзолаш ниятида эканини маълум қилганди.
Топ-менежер бугунги кунда компаниясининг Ўзбекистонга киритган сармоялари ҳажми 15 миллиард долларга етганини қўшимча қилди. Ҳамкорлик доирасида 19 та ташаббус ҳаётга татбиқ этилмоқда, шундан 18 таси қайта тикланадиган энергия манбаларига оид.