Қирғизистоннинг Чуй вилоятидаги Тўқмоқ шаҳри мэри Мақсат Нусувалиев 24 июнь куни республика Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) раҳбари Қамчибек Ташиев раислигида ўтказилган мажлис чоғида қўлга олинди. Economist.kg хабарига кўра, махсус хизмат раҳбари амалдорни ҳибсга олиш бўйича буйруқни шахсан ўзи берган.
Хавфсизлик кучлари шаҳар ҳокимидан ташқари Тўқмоқ шаҳар муниципал мулк бошқармаси бошлиғи Алишер Туратбек уулу ва «Ал Қадр» қурилиш компанияси бош директорини (фамилияси кўрсатилмаган) ҳибсга олган.
Гувоҳларнинг сўзларига кўра, бир пайт Ташиев «Бўлди, олиб чиқинг», деб буйруқ берган. Ва МХДҚ ходимлари уч нафар ходимнини йиғилиш ўтаётган шаҳар ҳокимлиги биносидан олиб чиқиб кетишган.
Дастлабки маълумотларга кўра, махсус хизматнинг хатти-ҳаракатлари Тўқмоқ шаҳрида инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш жараёнида мансабдор шахслар ва тадбиркор томонидан содир этилиши мумкин бўлган қоидабузарликлар билан боғлиқ. Айтилишича, ҳибсга олинган йиғилиш иштирокчилари Давлат қўмитаси ва маҳаллий прокуратура томонидан коррупция факти бўйича қўзғатилган жиноят иши бўйича судланувчига айланишган.
ОАВнинг қўшимча қилишича, шаҳар ҳокимлиги фаолиятини текширишга Тўқмоқ шаҳрининг биринчи ва учинчи микрорайонлари аҳолиси томонидан янги боғнинг сифатсиз қурилиши, шунингдек, спорт мактабининг капитал таъмирланиши юзасидан келиб тушган кўплаб мурожаатлар сабаб бўлган. Шаҳар Кенгаши депутатларининг кўрсатмасига кўра, 2024 йили ҳар иккала объектни қуриш учун қарийб 1 миллиард сом (тахминан 11,5 миллион доллар) маблағ ажратилган. Лекин шаҳар аҳолисининг сўзларига кўра, иш жиддий қонунбузарликлар билан олиб борилмоқда. Хусусан, йўлак тошлари меъёрдан четга чиққан ҳолда ётқизилган, суғориш тизими ишламай қолган, ёруғлик устунлари шамолда чайқалиб туради.
Депутатлар бу ҳолатга эътибор бериб, Қирғизистон президенти Садир Жапаров ва Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиевга видеомурожаат ёзишган ва унда мамлакат раҳбариятидан тегишли текширув ўтказиб, мазкур масалани назоратга олишни сўрашган. Маҳаллий ҳукумат органи вакиллари давлат ва махсус хизматлар раҳбарларини Тўқмоққа келиб, вазиятни шахсан ўрганиб, чора кўришни таклиф қилишган.
Натижада Ташиев шаҳарга ташриф буюрган. У йиғилиш ўтказиш ташаббуси билан чиққан, унда шаҳар ҳокими, унинг қўл остидаги ходими ва қурилиш компанияси директори ҳибсга олинди.