Қозоғистон Энергетика вазирлиги, «КазМунайГаз» ва CNOOC Hong Kong Holding Limited (Хитойнинг CNOOC Limited шўъба корхонаси) Каспий денгизининг шимоли-шарқий қисми транзит зонасида «Жылыой» лойиҳаси доирасида углеводородларни қидириш ва қазиб олиш бўйича шартнома имзолади. Бу ҳақда Қозоғистон компанияси матбуот хизмати хабар берди.
«Ушбу воқеа Қозоғистон ва Хитой ўртасидаги нефть-газ соҳасида стратегик ҳамкорликни ривожлантиришнинг муҳим босқичини кўрсатади. Хитойнинг йирик CNOOC компанияси Қозоғистонга биринчи марта геология-қидирув лойиҳасидан бошлаб инвестициялар билан кириб келмоқда», — дейилади хабарда.
Лойиҳа 50/50 ставкаси асосида амалга оширилади, CNOOC қидирув ишларини молиялаштиришни таъминлайди. Хусусан, бу икки километр чуқурликдаги битта қудуқни бурғулаш, кейинги сейсмик қидирув ишлари ва 4,5 километр чуқурликдаги иккинчи қудуқни бурғулаш билан боғлиқ бўлади.
«КазМунайГаз» компаниясининг дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, участканинг геологик салоҳияти 185 миллион тоннадан ортиқ нефтни ташкил этади. Компания ушбу лойиҳа учун стратегик ҳамкор қидиришни ўтган йил сентябрь ойида эълон қилган эди.
CNOOC (China National Offshore Oil Corporation) — хитойликларнинг CNPC ва Sinopecидан кейинги учинчи йирик миллий нефть компаниясидир. У углеводородларни қидириш ва қазиб олишга ихтисослашган. Компания халқаро ҳамкорлар билан фаол ҳамкорлик қилиб, 20 дан ортиқ мамлакатлардаги йирик лойиҳаларда иштирок этмоқда.