Сенаторлар парламент мухолифати ҳуқуқларини кенгайтириш тўғрисидаги қонунни маъқуллади

senat.uz сайти фотосурати

Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати (парламент юқори палатаси) мухолифатнинг кафолатланган ҳуқуқларини кенгайтириш тўғрисидаги қонунни маъқуллади. Масалан, бундай партияларга ҳар қандай қонун лойиҳаларига қўшимча тузатишлар киритиш имконияти берилади, дейилади парламент юқори палатаси матбуот хизмати хабарида.

Сенаторлар томонидан қабул қилинган қонунда ўзини парламент мухолифати деб эълон қилган сиёсий бирлашмалар фракциялари норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ёки уларнинг таркибий қисмларини иккинчи ўқишда кўриб чиқилгунга қадар уларнинг муқобил таҳрирларини киритиш ҳуқуқига эга бўлиши белгилаб қўйилган.

Шунингдек, мухолифатга бир қўмита раиси ва унинг икки ўринбосари лавозими бириктирилади. Ҳар чоракда бир марта мухолифатчилар «ҳукумат соати» доирасида парламент сўрови киритиши ва саволлар бериши мумкин бўлади.

Тегишли ташаббусни ишлаб чиқувчилар ҳужжатни тайёрлашда 20 га яқин давлат, жумладан, Қозоғистон, Арманистон, Грузия, Буюк Британия, Малайзия, Португалия каби давлатлар тажрибасини ўрганганини қўшимча қилган.

Сенаторлар таъкидлашича, мазкур қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши қонун ижодкорлиги ва парламент назорати самарадорлигини ошириш, Олий Мажлис қуйи палатасидаги мухолифат вакилларининг кафолатланган ҳуқуқларини кенгайтиришга хизмат қилади.

Шу билан бирга, Сенат вакилларининг қайд этишича, кейинги йилларда Ўзбекистонда сўз эркинлиги муҳити яратилди, халқ манфаатлари ва сиёсий иродасини тўсқинликсиз ифода этишининг ҳуқуқий асослари барпо этилди, партияларнинг жамиятдаги ролини кучайтириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

ℹ️ Жорий йил май ойида Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ўзини парламент мухолифати деб эълон қилди, чунки ҳаракат ҳукумат йўналиши ва дастури ёки унинг алоҳида йўналишларига рози бўлмаган.

Қолаверса, бу баёнот Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ва «Миллий тикланиш» демократик партияси аъзолари қўшма «Прогрессив блок» тузиш тўғрисида қарор қабул қилганидан сўнг билдирилди. Ушбу иттифоқ 93 депутатни ўз ичига олганлиги сабабли у парламент кўпчилигига айланган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ