Туркманистон терма жамоаси 2026 йилги Осиё Кубоги саралаш босқичига қуръа ташлаш маросимида иштирокчилар орасидан йўқ. «Фарғона» маълумотига кўра, жамоа аввалги турнир саралаш босқичида қатнашишдан бош тортгани учун дисквалификация қилинган.
Вазиятдан хабардор манбанинг «Фарғона»га тушунтиришича, 2024 йилги Осиё Кубоги саралашида Туркманистон терма жамоаси иккинчи саватчага тушиб қолган, қуръа натижасига кўра Хитой ва Гонконг билан А гуруҳидан жой олган. Бироқ, қуръа ташлаш маросимидан сўнг Федерация турнирда иштирок этишдан бош тортганини маълум қилган. Натижада ОФК Туркманистонни бир цикл (икки йил)га дисквалификация қилган ва тахминан 50 минг доллар жарима белгилаган.
Туркманистон термасининг 2024 йилги Осиё Кубоги саралаш босқичида иштирок этишдан нега бош тортгани ҳақидаги саволга манба бунга сабаб жамоанинг 2022 йилги Осиё Кубогидаги ёмон натижалари, Туркманистон термасининг Ўзбекистон ва Тожикистон билан бир гуруҳдан жой олгани ва уларга мос равишда 0:8 ва 5:8 ҳисобида мағлуб бўлгани бўлиши мумкинлигини айтади.
Эслатиб ўтамиз, Туркманистон терма жамоаси етти марта Осиё Кубогининг финал босқичида иштирок этган. Ашхобод 2020 йили Осиё Кубогига мезбонлик қилиши керак эди. Мамлакат ушбу тадбирга пухта тайёргарлик кўрган, инфратузилма устида иш олиб борган, хорватиялик тажрибали мураббий Роберт Грдовични таклиф қилган ва қуръа ташлаш маросимини ўтказган. Аммо пандемия туфайли турнир бекор қилинганди.