Жорий йил февраль ойидан май ойига қадар Қирғизистонда чиқарилган, Россия рублига боғланган А7А5 стейблкоинлари ёрдамида 9,3 миллиард доллардан ортиқ транзакциялар амалга оширилган. Тахминларга кўра, криптовалюта Россияга Ғарб томонидан киритилган санкцияларни четлаб ўтишда ишлатилган. Бу ҳақда Британиянинг Financial Times газетаси тадқиқотига асосланиб, Economist.kg хабар беради.
Европалик журналистларнинг таъкидлашича, токен мудофаа саноатига хизмат кўрсатадиган Россия ПСБ (собиқ «Промсвязьбанк») депозитлари билан таъминланган, шу сабаб кредит муассасаси санкциялар рўйхатида бўлган.
Бундан ташқари, терговчиларнинг фикрига кўра, мазкур тўлов воситаси РФга қўйилган чекловларни четлаб ўтувчи трансчегаравий ўтказмалар учун яратилган. Молдовалик тадбиркор Илан Шор назорати остидаги А7 компания криптовалютани ишлаб чиқишга дахлдорлиги аниқланган. Дарвоқе, ушбу компания ҳам АҚШ, Буюк Британия ва Европа Иттифоқи санкциялари остида.
Маълумки, А7А5 асосан Grinex платформасида сотилади, у АҚШ ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг саъй-ҳаракатлари туфайли Россиянинг энг йирик Garantex крипто биржаси ўз фаолиятини тўхтатгандан сўнг пайдо бўлган. Британия матбуоти янги тизим америкаликлар томонидан ёпилган ресурсларнинг «вориси»га айланиши мумкин эди, деб ҳисоблайди. Бироқ, Grinex раҳбарияти ҳар қандай ворисликни инкор этиб, у фақат «тоза мижозлар» билан ишлашини таъкидлайди.
Financial Times шунингдек, айни дамда муомалада 12 миллиард дона А7А5 токени борлигини, бу эса 156 миллион долларга тенг эканини ёзади. Криптовалюта белгиланган ҳажмдан ошиб кетадиган миқдорда кунлик пул ўтказмаларини амалга оширадиган нисбатан кичик фойдаланувчилар гуруҳлари томонидан фаол фойдаланилади. Аммо нашр жараённинг барча иштирокчилари Россияга алоқадорлигини тасдиқлай олмаган.
Стейблкоиннинг расмий эмитенти Қирғизистонда рўйхатдан ўтган Old Vector компанияси ҳисобланади. Тадбиркорлар ўз маҳсулотини «биринчи рақамли рубль» деб аташади ва ундан ташқи савдо фаолиятида самарали фойдаланиш мумкинлигини қўшимча қилишади. Шу билан бирга, Old Vector А7А5 чиқарилиши Марказий Осиё республикасининг рақамли активлар ҳақидаги қонунчилигига тўлиқ мос келишини таъкидлайди. Жумладан, токен Қирғизистон билан боғланган банклардаги рубль депозитлари билан таъминланади, ҳар олти ойда бир марта текширилади ва эмитент мунтазам равишда захиралар бўйича ҳисоботларни эълон қилади. Бундан ташқари, стейблкоин Қирғизистон лицензиясига эга бўлган брокерлар орқали чиқарилади.