Россия ҳукумати чет элликларнинг мамлакатга кириши учун ruID иловасини ишга туширди

novostivoronezha.ru сайти фотосурати

Россия Рақамли ривожланиш, коммуникациялар ва оммавий ахборот воситалари вазирлиги чет элликлар учун ruID кўп тилли мобил иловасини ишга туширди. У Россияга кириш учун ариза топшириш, кириш чекловларини текшириш ва давлат хизматларидан фойдаланиш учун рақамли профил яратишда ишлатилади, дея тушунтиради вазирлик матбуот хизмати.

Илова Россия Федерацияси билан визасиз режим мавжуд мамлакатлардан чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар учун РФга кириш ва ундан чиқиш қоидалари ва шартларини синовдан ўтказиш бўйича эксперимент доирасида ишга туширилди. Агар эксперимент муваффақиятли деб топилса, РФ тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларига янги қоидалардан фойдаланишни мустаҳкамлаш учун ўзгартиришлар киритилади.

Илова етти тилда мавжуд: инглиз, арман, қозоқ, қирғиз, рус, тожик ва ўзбек тилларида. Уни RuStore, Google Play, AppGallery ва App Storeдан юклаб олиш мумкин.

RuIDда рўйхатдан ўтиш учун электрон почта, шахсий фотосурат, шахсни тасдиқловчи ҳужжат фотосурати, шахс овозининг ёзуви керак бўлади. Россия телефон рақамини кўрсатиш шарт эмас. Россияга киришдан олдин 72 соатдан кечиктирмасдан ташриф мақсадини кўрсатиш лозим; истисно тариқасида ташриф ҳақида чегарани кесиб ўтишдан 4 соат олдин хабар бериш мумкин.

«Аризани Беларусь Республикаси фуқаролари, 6 ёшгача бўлган болалар, дипломатлар ва хорижий давлатларнинг Россиядаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари ходимлари, шунингдек, Россияда аккредитациядан ўтган халқаро ташкилотлар ва уларнинг ваколатхоналари ходимлари ҳамда уларнинг оила аъзолари тўлдириши шарт эмас», — дейилади вазирлик хабарида.

Ариза тўлдирилган кундан бошлаб 90 кун давомида амал қилади.

Чегарада аризадаги маълумотлар текширилади ва чет эл фуқароси учун рақамли профиль яратилади, СНИЛС (индивидуал шахсий ҳисобнинг суғурта рақами) ва «Давлат хизматлари» порталида стандарт ҳисоб қайдномаси яратилади, бу, масалан, Россияда sim-карта олишда асқотади.

Россиянинг Қозоғистондаги элчихонаси РФга кириш учун RuID орқали ариза тўлдириш шарт эмаслигини таъкидлайди.

«Биз эксперимент доирасида ruID иловасидан фойдаланган ҳолда РФга кириш учун ариза тўлдириш ихтиёрий эканига эътибор қаратамиз. Тўлдирилган кириш аризасининг йўқлиги Россия чегара идоралари томонидан амалга ошириладиган чегара назоратига таъсир қилмайди», — дейилади дипмиссия хабарида.

Шу билан бирга, Россия ҳукумати томонидан ruID иловасидан фойдаланиш бўйича тасдиқланган қоидаларда унинг ихтиёрийлиги ҳақида сўз юритилмайди. Аксинча, «эксперимент чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар учун мажбурий» эканлиги қайд этилган.

ℹ️ 2025 йил 30 июндан бошлаб чет эл фуқаролари Россияга киришда, исталган назорат-ўтказиш пункти орқали чегарани кесиб ўтишда бармоқ излари ва юз тасвирини тақдим этишлари керак бўлади. Россия чегарасини кесиб ўтишда хорижликлар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг биометрик маълумотларини йиғиш 2024 йил 1 декабрида тажриба тариқасида йўлга қўйилди. Биометрик маълумотлар Москванинг тўртта аэропортида (Домодедово, Шереметьево, Внуково ва Жуковский) ҳамда Қозоғистон билан чегарадаги Оренбург вилоятидаги Маштаково автомобил назорат-ўтказиш пунктида тўпланди. 30 июндан бошлаб қоидалар Россия Федерациясига киришдаги барча пунктларда қўлланилади.

Янги қоидани шарҳлар экан, Россия рақамли ривожланиш вазири Мақсут Шадаев Шенген визаларини олишда ҳам шунга ўхшаш амалиёт узоқ вақтдан бери қўлланилаётгани ва бу хавфсизлик даражасини оширишга ёрдам беришини тушунтирди. Ушбу амалиёт Россия визасиз режимли давлатлар, жумладан, Марказий Осиё давлатлари учун визалар режимини ўрнатди, деган тахминларга сабаб бўлди.

Чет элликлар учун мажбурий биометрикани жорий этилиши — Россияда миграция қонунчилигини кучайтириш тенденциясининг бир қисмидир. Илгари чет элликлар учун сим-карталар сонини чекловчи ва миграция режимини бузганлар учун «махсус чиқариб юбориш» режимини жорий қилувчи қонунлар қабул қилинган эди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ