Ўзбекистонда Lactalis халқаро холдингининг шўъба корхонаси атиги 1,5 миллион сўм (118 доллар) миқдорида идишга қадоқланган сув камомади учун 5,3 миллиард сўм (419 минг доллар) жаримага тортилган. Бу ҳақда Савдо-саноат палатаси (ССП) раиси Даврон Ваҳобов ва саноат ва ишлаб чиқариш бирлашмалари раҳбарлари ўртасидаги очиқ мулоқотда компания вакили Дониёр Нажимитдинов маълум қилди, деб ёзади
Жарима Солиқ кодексининг икки моддаси: 223 («Солиқ базасини яшириш (паст кўрсатиш)») ва 227-1-моддалари бўйича қўйилган бўлиб, унда товарларни мажбурий рақамли ёрлиқлаш қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик назарда тутилган.
Наджимитдинов сўзларига кўра, яқинда Lactalis солиқ текширувидан ўтказилган ва текширув давомида бир нечта омборларда 1,5 миллион сўмлик идишга қадоқланган сув камомади аниқланган. Компаниянинг умумий айланмаси қарийб 1 триллион сўмни (79 миллион доллар) ташкил этишига қарамай, солиқ органлари ушбу камомадни ноқонуний савдо сифатида баҳолаган ва компаниянинг чораклик соф даромадининг 2 фоизи миқдорида санкция қўллаган. Камомад миқдори жаримадан 3500 баравар кам бўлган.
Компания вакилининг қайд этишича, бундай йирик жарима хорижий инвесторни шок ҳолатига тушириб қўйган. Бунга жавобан Савдо-саноат палатаси раҳбари Даврон Ваҳобов хорижий инвесторга «жазо ҳамма учун баробар» эканини етказишни тавсия қилган.
Нажмиддинов таъкидлашича, Солиқ кодексида камомад автоматик тарзда мажбурий рақамли ёрлиқлаш қоидаларини бузиш, деб баҳоланиши ҳақида нормалар йўқ. Илгари бундай ҳолатларда солиқ органлари етишмаётган товарни сотилган деб баҳолаб, ҚҚС қўшиб чиқаришарди. Аммо рақамли ёрлиқлаш жорий этилгандан сўнг ёндашув ўзгарди: эндиликда камомад ёрлиқлаш қоидаларини бузиш, деб баҳоланмоқда.
Ўз навбатида, Солиқ қўмитаси раиси Шерзод Қудбиев Lactalis компаниясига 1,5 млн сўмлик сув камомади учун рақамли ёрлиқлаш қоидаларини бузди, дея айб қўйиш нотўғри эканини таъкидлаган. У бу ишни алоҳида текширишни ва компанияга қарши баённома тузган инспекторни чақиришни буюрган.
«1,5 млн сўмлик камомад учун соф чоракли тушумнинг 2 фоизини миқдорида жарима қўлланиши ҳеч қандай қолипга сиғмайди», — дея хулоса қилади Солиқ қўмитаси раҳбари.
ℹ️ Ўзбекистон Солиқ кодексининг 227-1-моддаси 2022 йили жорий этилган бўлиб, унда товарларни рақамли ёрлиқлаш, фискал белгиларни акс эттириш ёки автоматлаштирилган ҳисобга олиш ўлчов воситалари билан жиҳозлаш, солиқ органларининг ахборот тизимлари билан интеграцияни таъминлаш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик назарда тутилган. Ушбу талаблар бузилиши алкоголли ва тамаки маҳсулотлари, пиво, ичимликлар, сода, дори-дармонлар, маиший техника ва бошқа товарларни ишлаб чиқарувчилар, импорт қилувчилар ва сотувчиларга тааллуқлидир.
Дастлаб, бундай қоидабузарлик учун тадбиркорлар сўнгги чорак соф даромадининг 100 фоизи миқдорида жаримага тортилиши кўзда тутилганди, бу эса корхоналар ва маслаҳатчиларнинг кескин танқидига сабаб бўлган. 2024 йили расмийлар санкцияларни юмшатган: энди биринчи қоидабузарлик учун жарима чоракли тушумнинг 2 фоизини, бир йил ичида такрорий қоидабузарлик учун — 20 фоизни ташкил этади. Бундан ташқари, президент фармонига кўра, ушбу модда бўйича илгари ҳисобланган жарималарнинг 98 фоизи ҳисобдан чиқарилиши керак.
2026 йилдан бошлаб солиқ органлари ёрлиқлаш масалалари бўйича масофавий текширишлар ўтказиш ҳуқуқига эга бўлади. Шу билан бирга, дастлабки иккита қоидабузарлик учун тадбиркорга огоҳлантириш берилади, йил давомида кейинги қоидабузарликлар учун у чораклик даромаднинг 0,2 фоизидан 2 фоизигача миқдорда жаримага тортилади.
ℹ️ Lactalis — 1933 йили Бенье оиласи томонидан ташкил этилган халқаро француз хусусий концерни. Компания сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича дунёда учинчи ўринни эгаллайди ва Европада пишлоқ ишлаб чиқариш бўйича етакчи ҳисобланади. Lactalis 200 дан ортиқ заводга эга ва 148 мамлакатда мавжуд. Lactalis 2019 йили Ўзбекистон бозорига Nestle компаниясига тегишли сув ва сут корхоналарини, жумладан, Наманганда жойлашган иккита заводни сотиб олиш орқали кириб келган.