Москва яқинидаги «Крокус Сити Холл» концерт залида содир этилган терактда айбланаётган тўрт нафар айбланувчидан фақат 26 ёшли Шамсидин Фаридуни ўз айбига тўлиқ иқрор бўлган ва қилмишидан пушаймон бўлган. Бу ҳақда жиноий иш материалларига таяниб, ТАСС хабар берди.
«У ўз айбига тўлиқ иқрор бўлди, қилмишидан тавба қилди», — дейилади Фаридуни кўрсатмасида. Яна уч судланувчи – Муҳаммадсобир Файзов, Саидакрам Рачабализода ва Далержон Мирзоев ҳам ўз айбларига иқрор бўлган, бироқ пушаймонлик билдирмаган, деб, хабар беради ТАСС.
Фаридуни — Тожикистон фуқароси, аввали оиласи билан Душанбедан 50 километр узоқликдаги Лойоби қишлоғида яшаган. Дастлаб қурилишда, кейин Ҳисор шаҳридаги новвойхонада ишлаган. Тергов маълумотларига кўра, у терактга тайёргарлик кўриш учун «Крокус» концерт залига бир неча бор ташриф буюрган ва ҳужум куни чиқиш қилиши керак бўлган «Пикник» гуруҳи афишаси ёнидаги суратга тушган.
Иш материаллари шуни кўрсатадики, «Крокус Сити Холл»даги теракт ташкилотчилари дастлаб ижрочилар полицияга қуролли қаршилик кўрсатиш орқали воқеа жойида қурбон бўлишини режалаштирган. Бироқ, Саидакрам Рачабализода айтишича, ҳужумдан бир кун олдин Сайфулло исмли координатор режани ўзгартирган: террорчилар унга тириклайин керак эканини, ҳужумдан сўнг улар Украинага боришлари шартлигини, у ерда теракт учун ҳар бирига миллион рублдан ваъда қилинганини айтган.
Рачабализоданинг сўзларига кўра, гуруҳ ҳужумдан сўнг айнан ваъда қилинган мукофот учун Украина чегарасига йўл олган. Улар «Крокус Сити Холл»дан Renault машинасида йўлга тушишган ва Брянск вилояти томон кетишган, у ерда уларни чегарадан олиб ўтувчи гуруҳ кутиб олиши керак бўлган.
Айбланувчининг айтишича, ортга қайтиш масалалари ташкилотчилар ва кураторлар билан форс ва тожик тилларидаги «Хуросон овози» Telegram-каналида муҳокама қилинган. Рачабализода Украинада қолишни режалаштирганини тан олган, чунки у Украинани Россиянинг душмани деб билади, Россия эса ўз навбатида «Ислом давлати» (ИШИД)* душмани. Шу боис ушбу ташкилотнинг бир қисми бўлган «Хуросон вилояти»*га у ва унинг шериклари аъзо бўлишган, террорчилик ҳаракатлари олдидан қасамёд қилишган.
ℹ️ 2024 йил 22 март куни Москва вилоятининг Красногорск шаҳридаги «Крокус Сити Холл» концерт залида теракт «Пикник» рок гуруҳи чиқиши олдидан содир бўлганди. Камуфляждаги бир неча қуролланган киши мажмуага кириб, одамларга қарата ўқ ота бошлаган. Улар концерт залига кириб, ўт қўйишган. Ёнғин бинонинг тўрт қавати ва томини қамраб олган, шундан сўнг улар ўзлари келган машинада қочиб кетишган.
Теракт оқибатида 149 киши ҳалок бўлган, бир киши бедарак йўқолган, 609 киши жароҳатланган. Ҳужумдан етказилган зарар 6 миллиард рублга баҳоланмоқда.
27 киши жиноий жавобгарликка тортилди. Жумладан, тўрт нафар ҳужумчи, уларга машина сотган, террорчиларга квартира ижарага берган ёки уларга пул ўтказмаларини юборган одамлар. Ишда 1700 дан ортиқ жабрланувчи ва 800 гувоҳ иштирок этмоқда. Россия Тергов қўмитаси теракт Украинанинг амалдаги ҳукумати манфаатларини кўзлаб амалга оширилганини, ҳужумдан мақсад эса Россиядаги сиёсий вазиятни беқарорлаштириш эканини таъкидлади.
*Кўпгина мамлакатларда террорчи деб тан олинган ва тақиқланган ташкилот.