Ўзбекистон Мўғулистон билан икки минг тонна от ва қўй гўштларини сотиб олиш бўйича келишувга эришди. Ушбу келишув тафсилотлари Улан-Баторда икки давлат ҳукуматлари вакилларининг учрашувида муҳокама қилинди, деб хабар беради мўғулларнинг Montsame миллий ахборот агентлиги.
Таъкидланишича, музокараларда Мўғулистон Озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги ва енгил саноат вазири Энхбаяр Жадамба, Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги бошлиғи ўринбосари Илзат Қосимов, Марказий Осиё республикасининг Мўғулистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Фарҳод Арзиев, шунингдек, бошқа расмийлар иштирок этган.
Ўзбекистон вакиллари гўшт маҳсулотларини харид қилиш бўйича келишувдан ташқари савдо соҳасида ҳамкорликнинг бошқа вариантларини ҳам белгилаб ўтганлар. Жумладан, 100 минг бош тирик қўй ва эчки сотиб олиш нияти тасдиқланган. Мўғулистонлик музокарачилар, ўз навбатида, экспорт божлари бўйича имтиёзлар бериш имкониятини кўриб чиқишга рози бўлишган. Бундан ташқари, томонлар бундай келишув муваффақиятли амалга ошишини юқори баҳолашган, чунки 2024 йили Тошкент транспорт масалаларини ҳал этишга муваффақ бўлган ва 7 мингга яқин мўғул қўйларини мамлакатга олиб кирган.
Улан-Батордаги учрашувда техник масалалар кўтарилди. Томонлар ягона карантин ва тариф сиёсатини амалга ошириш, узлуксиз ўзаро савдони таъминлаш бўйича зарур чораларни кўриш, талабга эга бўлган товарлар рўйхатини якунлаш бўйича келишиб олдилар.
Дарвоқе, Ўзбекистон Мўғулистондан чарм, жун ва кашемир сотиб олишни, шунингдек, мева-сабзавот маҳсулотлари ва енгил саноат соҳасида ҳамкорлик ва тажриба алмашишни таклиф қилди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг яқинда Улан-Баторга ташрифи чоғида давлат раҳбарлари томонидан имзоланган ҳар томонлама шериклик тўғрисидаги декларация доирасида қишлоқ хўжалиги, чорвачилик, ветеринария ва ўсимликлар карантини соҳаларида қўшма лойиҳалар муҳокама қилинди.
Вазир Жадамба унинг мамлакати Ўзбекистон билан самарали ҳамкорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашини таъкидлади. Расмийнинг сўзларига кўра, Мўғулистон келгусида ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 100 миллион долларга етказиш учун барча имкониятларни ишга солади.
Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари таъкидлашича, республика бундан аввал ҳам Мўғулистондан гўшт сотиб олган ва бу соҳадаги алоқалар бир неча йиллик тарихга эга. Мўғулистон корхоналари қорамолларни халқаро «ҳалол» стандартлари бўйича сўйиш технологиясини жорий қилганидан сўнг савдо битимлари айниқса фаоллашган. Бу Ўзбекистон, Қозоғистон, Озарбайжон, Эрон каби асосий дини ислом бўлган давлатларга экспорт ҳажмини ошириш имконини берган.