Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси ниқобни тақиқловчи қонунни қўллаб-қувватлади

kz.kursiv.media сайти фотосурати

Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси (ҚМДБ) ҳукуматнинг жамоат жойларида юзни беркитувчи ниқоб ва бошқа кийимларни тақиқлаш ҳақидаги қарорини қўллаб-қувватлади. Бу ҳақда 3 июль куни бошқарма сайтида эълон қилинган хабарда сўз юритилган.

«Ушбу қарор диний эътиқод ёки шахсий имтиёзларни чеклашга қаратилган эмас, балки жамоат хавфсизлигини таъминлаш заруратидан келиб чиққан ҳолда қабул қилинган. Дунёнинг кўплаб давлатлари, жумладан, мусулмон давлатлари ҳам хавфсизлик мақсадида шунга ўхшаш чораларни кўрмоқда», — дейилади хабарда.

ҚМДБ таъкидлашича, ниқобни тақиқлаш ислом қоидаларига тўғри келади. Хабарда Қуръон оятлари ва Муҳаммад с.а.в ҳадислари келтирилган. Уларда аёллар учун ўз таналарини ёпишлари етарли экани кўрсатилган. Юз ва қўллар очиқ қолдирилиши мумкин.

«Қуръон ва ҳадислардан кўриниб турибдики, аёлларнинг юзларини ёпишлари ёки бутунлай кийимга бурканиши шарт эмас. Бу анъана халқимиз урф-одатларига сингмаган», — дейилади диний бошқарма хабарида.

Диний уламоларнинг фикрича, ислом ҳамиша жамоат тартиби, барқарорлик ва тинчликни тарғиб қилган. Янги қонун диний туйғуларни камситмайди ва жамиятда тотувликни сақлашга ёрдам беради.

«Шундай экан, қонунга тушунган ҳолда ёндошайлик ва умумий манфаат йўлида ҳамжиҳатлигимизни мустаҳкамлайлик», — дейилади хабарда.

30 июнь куни Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев жамоат жойларида инсон юзини беркитадиган кийим-кечакларни тақиқловчи қонунни имзолади. Мазкур чора жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликнинг олдини олишга қаратилган. 2024 йил март ойида Тўқаев ниқобларни қозоғистонлик аёлларга радикал кайфиятдаги неофитлар томонидан тиркалаётган эски кийимлар тури деб атаган эди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ