Тўқаев Трампнинг Қозоғистонга қўлланиладиган божларга оид мактубига жавоб қайтарди

akorda.kz сайти фотосурати

Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев АҚШ етакчиси Дональд Трампга Қозоғистондан импорт қилинадиган товарларга божлар қўлланиши муносабати билан жавоб мактубини йўллади. Бу ҳақда 10 июль куни Оқўрда матбуот хизмати хабар берди.

«Давлат раҳбари Қозоғистон Америка Қўшма Штатларининг узоқ йиллик савдо ва сармоявий шериги сифатида адолатли, башорат қилинадиган, ўзаро манфаатли савдо муносабатларини ривожлантириш тарафдори эканини таъкидлади», — дейилади хабарда.

Тўқаев ушбу масала бўйича «конструктив мулоқотни давом эттиришга» тайёрлигини тасдиқлади ва муросага эришишга ишонч билдирди.

7 июль куни Дональд Трамп Тўқаевни 1 августдан бошлаб Қозоғистондан импорт қилинадиган маҳсулотларга 25 фоизлик божхона тўловлари жорий этилишидан хабардор қилганди. «Бу божлар Қозоғистоннинг тариф ва нотариф сиёсати туфайли узоқ вақтдан бери давом этиб келаётган номутаносибликларни бартараф этиш учун зарурлигини тушунишингизни истардик. Савдо номутаносиблиги иқтисодиётимиз, аниқроғи — миллий хавфсизлигимиз учун жиддий хавф туғдирмоқда», — деганди АҚШ президенти.

Шу билан бирга, Қозоғистон Савдо вазирлиги бир кун аввал (аввали бу ҳақда кўп марта хабар қилинганди) АҚШ томонидан 25 фоизлик бож жорий этилиши Қозоғистон экспортининг 95 фоизига таъсир қилмаслигини тасдиқлади. Вазирлик тушунтиришича, Қозоғистон АҚШга етказиб берадиган асосий хомашё ва стратегик товарлар, жумладан, нефть, уран, кумуш, ферроқотишмалар, тантал ва титан янги тарифлардан озод қилинган, шунинг учун уларни етказиб бериш аввалги шартларда давом этаверади.

Қозоғистон Оқ уй маъмуриятига ўзаро савдо шартларини яхшилаш бўйича таклифлар юборган, ҳозирда улар кўриб чиқилмоқда ва музокаралар санаси ҳақида маълумот беришади, дея қўшимча қилади вазирлик.

Қозоғистон ва АҚШ ўртасидаги товар айланмаси 2024 йили 4,2 миллиард долларни ташкил этган. Қозоғистоннинг АҚШга экспорти асосини хом нефть, уран, кумуш, ферроқотишмалар ва бошқалар ташкил этади. Ушбу тоифалар АҚШ президентининг «Қўшма Штатларнинг товарлар савдосида катта ва доимий тақчилликка олиб келадиган савдо амалиётини бартараф этиш учун ўзаро тарифлар орқали импортни тартибга солиш» қарорида назарда тутилган истиснолар рўйхатига киритилган.