АҚШ Қирғизистон фуқаролари учун визаларнинг максимал амал қилиш муддатини 10 йилдан 3 ойга қисқартирди

vietbf.com сайти фотосурати

АҚШга иммиграцион бўлмаган визалар энди Қирғизистон фуқароларига уч ойдан ортиқ бўлмаган муддатга берилади ва мамлакатга фақат бир марта киришни назарда тутади. Бу ҳақда АҚШнинг Қирғизистондаги элчихонаси матбуот хизматига таяниб, 24.kg нашри хабар берди.

Иммиграцион бўлмаган визалар АҚШга сайёҳлик ёки хизмат сафари, вақтинчалик иш, ўқиш ёки тиббий ёрдам учун вақтинча киришни хоҳловчи шахслар учун мўлжалланган. Илгари Қирғизистон фуқаролари бундай визаларни ўн йиллик муддатгача олишлари мумкин эди.

Элчихона матбуот хизматининг таъкидлашича, ўзгартиришлар АҚШ президентининг «АҚШни хорижий террорчилар ҳамда миллий ва жамоат хавфсизлигига бошқа таҳдидлардан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги 14161-сонли фармонини бажариш мақсадида киритилган. Ҳужжатда таъкидланишича, визалар берилиши чет эллик саёҳатчиларнинг АҚШ миллий ва жамоат хавфсизлигига таҳдид солмаслигини кафолатлаши керак.

Яқинда АҚШ Давлат департаменти тўлиқ рўйхатни очиқламаган ҳолда бир қатор давлатлар фуқаролари учун визаларнинг амал қилиш муддати қисқартирилганини расман тасдиқлади.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги Қирғизистон томонини олдиндан огоҳлантирмасдан бир томонлама янги чоралар қабул қилинганидан хавотир билдирди. Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида қайд этилишича, бундай ҳаракатлар дипломатик мулоқот доирасида аниқлик киритишни талаб қилади. Яқин кунларда Ташқи ишлар вазири ўринбосари Алмаз Имангазиев ва АҚШнинг Қирғизистондаги элчиси Лесли Вигери ўртасида учрашув бўлиб ўтиши режалаштирилган. Йиғилишда томонлар чекловларни жорий этиш сабаблари, уларни юмшатишнинг мумкин бўлган йўллари, келажакда шу каби ҳолатларнинг олдини олиш чораларини муҳокама қилади.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги Қўшма Штатлар билан конструктив ҳамкорликка катта аҳамият беришини ҳамда хориждаги мамлакат фуқароларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги ишларни давом эттиришини таъкидлади.