Мирзиёев пойтахтнинг Чилонзор туманидаги саноат зонаси корхоналарини бориб кўрди

Шавкат Мирзиёев. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманидаги саноат зонасига ташриф буюриб, бу ерда бир қанча корхоналар фаолияти, истиқболли лойиҳалари билан танишди, шунингдек, мазкур алоҳида ҳудуд аҳолиси томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўргазмасини томоша қилди. Бу ҳақда республика раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

Мазкур ҳудуд Бешқўрғон ва Тирсакобод маҳаллалари ҳудудида жойлашган бўлиб, 320 гектар майдонни эгаллайди. Унда энергия тежамкор ва экологик тоза ишлаб чиқариш қувватлари жойлашган. Хусусан, бу ерда 531 корхона, жами 20 мингга яқин аҳоли меҳнат қилмоқда. Йиллик ишлаб чиқариш салоҳияти 6,8 триллион сўмни (537 миллион доллар) ташкил этади. 50 та корхона хорижга маҳсулот етказиб бермоқда, бунинг натижасида экспорт кўрсаткичи 180 миллион долларга яқинлашмоқда.

Давлат раҳбари ушбу ҳудуддаги Tarleplast корхонасида бўлиб, ишлаб чиқариш жараёнини кўздан кечирди. Ушбу лойиҳанинг умумий қиймати 25 миллион доллар. Корхонага Европанинг етакчи компанияларидан 12 турдаги замонавий ускуналар келтириб ўрнатилган. Натижада бу ерда йилига 90 минг тонна темир қувур ва пўлат профиллар ишлаб чиқариш имкони яратилди. Бу маҳсулотларни пулга чаққанда 900 миллиард сўм (71 миллион доллар) дегани. Корхонада 120 га яқин киши доимий иш билан таъминланди.

Бу ерда ишлаб чиқарилган қувурлар юқори босим ва ташқи таъсирларга бардош бера олади. Маҳсулотлар Россия, Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистонга муваффақиятли экспорт қилинаётгани уларнинг сифатини тасдиқлайди. Ўтган йили 4 миллион долларлик маҳсулот хорижга жўнатилди.

Президент Чилонзор саноат зонасига ташрифи чоғида лойиҳа ташаббускорининг 10 миллион долларлик маблағи эвазига барпо этилган Eman materials мебель фабрикаси фаолияти билан ҳам танишди. Бу ерда йилига 10 минг тонна фурнитура ва мебелсозлик буюмлари ишлаб чиқарилмоқда, экспортни йўлга қўйиш режалаштирилган.

Корхонада 200 киши иш билан таъминланган. Аҳамиятлиси, шу ернинг ўзида мебелсозлик ўқув маркази ҳам ташкил этилган. Бунинг учун Италия ва Туркия каби давлатлардан мутахассислар жалб қилинган.

Давлат раҳбарига саноат зонасининг истиқболга мўлжалланган лойиҳалари тақдим этилди. Хусусан, кўп қаватли ишлаб чиқариш биноси қуриш, мономарказ ташкил этиш режалаштирилган. Натижада яна 100 та ташаббус амалга оширилиб, 3 мингта иш ўрни яратилади. Лойиҳалар фармацевтика, электротехника, полиграфия, автомобилсозлик, тўқимачилик, озиқ-овқат маҳсулотлари каби соҳаларни қамраб олади.

Ҳокимлик вакилларининг қўшимча қилишича, жорий йилнинг биринчи ярмида Чилонзор туманида камбағаллик даражаси 7 фоиздан 2,2 фоизга камайган. Бундан ташқари, мақсадли режа доирасида 2025 йил охиригача камбағаллик ва ишсизликни тўлиқ бартараф этиш вазифаси қўйилган.

Мирзиёев, шунингдек, Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманидаги 12 тоифага муҳтож аҳолига 100 дан ортиқ хизмат кўрсатувчи «Инсон» ижтимоий хизматлар марказида бўлди. Бу ерда давлат-хусусий шериклик асосида 3 ёшгача бўлган болаларга ёрдам кўрсатувчи «Имкониятлар олами» муассасаси ташкил этилган. Муассасада 3 ёшгача гўдаклар учун эрта аралашув, ногиронлиги бўлган болалар учун ижтимоий мослашув ва реабилитация, шунингдек, кундузги парвариш ва қараб туриш хизматлари ташкил этилган. Ҳозирда бу 80 га яқин инсоннинг оғирини енгил қилмоқда.

Бундан ташқари, республика президенти пойтахтдаги «Янги Камолон» ​​маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб, аҳоли билан суҳбатлашди, туман «ислоҳот штаб»и томонидан амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисобот билан танишди.