Қирғизистон президенти ижтимоий тармоқлардаги фейклар учун жарима қўлланишини мақуллади

sfin.ro сайти фотосурати

Қирғизистон президенти Садир Жапаров ижтимоий тармоқлардаги ёлғон маълумотлар учун маъмурий жазо чораларини кўрувчи қонунни имзолади. Бу ҳақда 11 июль куни давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

Қонун билан Жиноят кодексига «Ёлғон (нотўғри) маълумотларни тарқатиш» 109.3-моддаси киритилган. Унда оммавий ахборот воситаларида ёки ижтимоий тармоқларда жамият ёки давлат манфаатларига зарар етказувчи, жамоат тартибини бузишга олиб келадиган, одамлар ёки ташкилотлар ҳуқуқларини камситувчи ёлғон маълумотларни эълон қилганлик учун жарима солиш назарда тутилган, бироқ бу ҳаракатлар жиноий ҳуқуқбузарлик деб топилмайди.

Ушбу модда бўйича жисмоний шахсларга 200, юридик шахсларга 650 ҳисоб миқдорида жарима солинади. Бугунги кунда бу мос равишда 20 минг (229 доллар) ва 65 минг сомни (743 доллар) ташкил этади.

Қонун расман эълон қилинган кундан бошлаб ўн кун ўтгач кучга киради.

ℹ️ Эслатиб ўтамиз, Жапаров жорий йил январь ойида Жиноят кодексига оммавий ахборот воситаларида, сайт ёки интернет тармоғидаги сайт саҳифасида тарқалган туҳмат ва ҳақорат учун жавобгарликни назарда тутувчи 107-1-моддани киритишни маъқуллаган эди. Бунинг учун жарималар ҳам худди шундай.

Ҳар икки қонун ташаббускори Қирғизистон Маданият вазирлиги бўлиб, Интернетда туҳмат ҳолатлари кўпайганлиги сабабли жавобгарлик жорий этилишини илгари сурган.

Оммавий ахборот воситалари ва интернетда туҳмат учун жазо жорий этилишини кўплаб экспертлар ва айрим депутатлар салбий баҳолади. Жумладан, «Адилет» юридик клиникаси ходимлари мазкур қонун Конституция нормаларига зид экани, суиистеъмол қилиш имкониятини яратаётгани ҳақида огоҳлантирди. Парламент депутати Дастан Бекешев бу янгиликни «сўз учун солинган солиқ» деб атади ва жарималар жамоатчилик танқидини бостириш воситасига айланиб кетиши мумкинлигини таъкидлади. Депутат Чингиз Айдарбеков одамларга ўз фикрини билдириш ҳуқуқини қолдириш кераклигини айтди ва ҳукумат биринчи навбатда сиёсатчиларга тегишли бўлган бот фермаларга қарши курашни бошлаши кераклигини қўшимча қилди.

Депутат Русланбек Жақишов ижтимоий тармоқлардаги сохта маълумотлар учун жарима тўғрисидаги қонуннинг қабул қилиниши сўз эркинлигини чеклаш ва инсон ҳуқуқлари бузилишига олиб келиши мумкинлигидан хавотир билдирди. Раҳбарлар ходимларини танқид қилгани учун ишдан бўшатиш билан қўрқитаётган ҳолатлари борлигини таъкидлаб, бу қонун бундай раҳбарлар манфаатларини ҳимоя қилиш қуролига айланиб қоладими, деган саволни ўртага ташлайди.

✅ Эътиборлиси шундаки, ижтимоий тармоқлардаги фейклар учун жарималар тўғрисидаги модда Кодексга ахборот тарқатиш билан боғлиқ 107 ва 107-1-моддалардан сўнг эмас, балки 109-моддага («Порнографик характерга эга предметларни тарқатиш») «бириктирилган» — 109-2 («Фоҳишалик») дан сўнг.