Франция тараққиёт агентлиги «Иссиқликтаъминот» компанияси билан ҳамкорликда Фарғона вилоятида иссиқлик тизимини янгилаш лойиҳасини амалга оширмоқда. Ишларнинг умумий қиймати 39,9 миллион долларни ташкил этади, деб хабар қилади Ўзбекистон давлат корхонаси матбуот хизмати ўзининг Телеграм-каналида.
Томонлар 10 июль куни тегишли ўзаро англашув меморандумини имзоладилар. Ҳужжат Фарғона иссиқлик электр станцияси яқинида жойлашган вилоят марказининг Қирғули массивида марказлаштирилган иссиқлик таъминоти тизимини модернизация қилиш ишларини кўзда тутади. Лойиҳа 2027-2029 йиллари амалга оширилиши режалаштирилган.
«Иссиқликтаъминот» акциядорлик жамияти матбуот хизматининг маълум қилишича, мазкур ташаббус доирасида мутахассислар томонидан 76 километр иссиқлик магистралини янгилаш, шунингдек, турли жойларда 380 та индивидуал иссиқлик пунктларини ўрнатиш мўлжалланмоқда.
Лойиҳа амалга оширилгандан сўнг 317 та кўп қаватли уй ёки 16 617 хонадон ва 41 та ижтимоий соҳа объекти марказлашган иссиқлик таъминоти билан таъминланади.
Қайд этилишича, Қирғулида халқаро молия институтлари иштирокида амалга оширилаётган иссиқлик магистралларини таъмирлаш Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 11 мартдаги қарорида белгиланган. Дарвоқе, ҳужжатда 2030 йилгача умумий қиймати 325 миллион доллар бўлган иссиқлик тизимларини модернизация қилиш бўйича 13 та лойиҳани якунлаш кўзда тутилган.
Франция Ўзбекистон билан илгари ҳам уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳамкорлик қилиб келган. Масалан, 2021 йили Veolia Central & Eastern Europe компанияси 30 йил муддатга Тошкент иссиқлик тизимини бошқаришни қабул қилиб олгани хабар қилинган эди. Шу вақт ичида қозонхоналар ва бошқа иншоотларни кенг кўламли модернизация қилиш, янги қувурларни ётқизиш ва ҳоказоларни амалга ошириш режалаштирилган. Шу билан бирга, лойиҳани амалга ошириш учун Франция компанияси ўз маблағлари ҳисобидан 315 миллион евро ҳамда Ўзбекистондаги фаолиятидан олинган даромаддан 1,080 миллиард евро ажратиши белгилаб қўйилган.