Саидазим Гулямов UzAuto Motors Powertrain компанияси бош директори этиб тасдиқланди. Бу маълумотни Spot.uz га «Ўзавтосаноат» матбуот котиби Жавоҳир Хўжаев тасдиқлади.
Қайд этилишича, давлат компанияси кузатув кенгаши тегишли қарорни 24 июнь куни қабул қилган. Орадан бир ҳафта ўтиб акциядорларнинг йиллик йиғилишида Гулямов расман бош директор этиб тайинланган. У билан бир йил муддатга меҳнат шартномаси тузилган.
Ўтган йил декабрь ойи охирида швециялик топ-менежер Бу Андерссон қарийб уч ярим йил ишлаб келган UzAuto Motors ва UzAuto Motors Powertrain компаниялари раҳбари лавозимини тарк этганди. Ўшанда Гулямов компания раҳбари вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тасдиқланганди.
У янги директор тайинлангунига қадар раҳбар вазифасини бажарувчи бўлиши тахмин қилинганди. Лекин якунда кузатув кенгаши Гулямовдан директор вазифасини вақтинча бажарувчиси мақомини олиб ташлашга қарор қилди.
Саидазим Гулямов АҚШнинг Арканзас университетида таълим олган. У молия бўйича бакалавр (ВА) ва молия магистри (МВА) даражасига эга. У Ўзбекистонга қайтгунга қадар 8 йил давомида банк соҳасида турли лавозимларда ишлаган.
UzАuto Motors Powertrain компанияси иккинчи авлод B-DOHC (Double Overhead Camshaft) бензинли ва икки ёнилғи двигателлари, турбо қувватли ва атмосфералаштирилган CSS (Cylinder set strategy) Prime двигателлари, шунингдек, автомобил двигателлари учун асосий компонентларни ишлаб чиқаради.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ UzAuto Motorsга раҳбар тайинланган эди. Мазкур лавозимни эгаллаган швециялик Бу Андерссон ўрнига венгриялик мутахассис Янош Ковач тайинланди.