Қирғизистон терма жамоаси ҳужумчиси Эрондан Ўзбекистонга қайтади

Жоэл Кожо. "Эстеғлол" матбуот хизмати фотосурати

Футбол бўйича Қирғизистон миллий терма жамоаси ҳужумчиси Жоэл Кожо Эроннинг «Эстеғлол» клубидан Фарғонанинг «Нефтчи» клубига ўтади. Бу ҳақда журналист Жалолиддин Қобилжонов хабар берди.

Журналистнинг ёзишича, «Нефтчи» Кожони мавсум охиригача ижарага олади.

Футболчи Қаршининг «Насаф» клубига ўтиши мумкинлиги аввалроқ хабар қилинганди. «Фарғона» маълумотига кўра, «Эстеғлол» билан қолиш варианти кўриб чиқилмаган. Клубда катта ўзгаришлар юз бермоқда ва улар қирғизистонлик билан ҳисоблашмаяпти.

Эслатиб ўтамиз, Кожо жорий йил бошида Самарқанд «Динамо»сидан «Эстеғлол»га кўчиб ўтганди. Эронликлар футболчини аввалроқ сотиб олмоқчи бўлишган, бироқ «Динамо» раҳбарияти Ўзбекистонда трансфер ойнаси ёпилганидан сўнг таклиф тушгани учун кадрлар етишмаслиги туфайли футболчини қўйиб юборишдан бош тортган. Олти ой ичида Кожо «Эстеғлал» сафида барча турнирларда 17 та ўйин ўтказиб, 3 та гол урган. Футболчи билан шартнома 2028 йил ёзига қадар амал қилади.

ℹ️ Жоэл Кожо — асли Ганадан. 2017 йили Қирғизистонга кўчиб ўтган. «Алай» ва «Дордой»да ўйнаб, чемпионат тўпурари бўлган. Қирғизистон фуқароси билан турмуш қурган ва республика фуқаролигини олган. 2023 йили у спорт фуқаролигини ўзгартиради ва Қирғизистон терма жамоасига чақирилади. Ўша йили Самарқанднинг «Динамо» жамоасига ўтган. У жамоанинг Суперлигага қайтишига ёрдам берган. Кейинги йили эса Ўзбекистон Суперлигасининг энг яхши футболчиларидан бирига айланган. У рамзий терма жамоага киритилган. У Қирғизистон терма жамоаси сафида 25 та ўйин ўтказиб, 9 та гол урган.