Тожикистон университетининг собиқ ректори пора учун етти йилга озодликдан маҳрум этилди

Хўжанд давлат университети биноси. khovar.tj сайти фотосурати

Академик Бобожон Ғофуров номидаги Хўжанд давлат университетининг собиқ ректори Аюб Усмонзода порахўрлик иши бўйича 7 йилга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда Тожикистоннинг Сўғд вилоят суди ходимларига таяниб, «Азия-плюс» нашри хабар берди.

Таъкидланишича, ҳукм 26 июнь куни эълон қилинган. Суд университет собиқ раҳбарини мансабдор шахсдан йирик миқдорда пора олганликда айбдор деб топди — Республика ЖКнинг 319-моддаси 4-қисми. Бироқ, қайси сумма ҳақида гап кетаётгани номаълум. Шунингдек, иш бўйича судланувчи ўз қилмишидан пушаймон бўлганми-йўқми, унинг қариндошлари ва адвокати ҳукмга қандай муносабат билдиргани ҳам номаълум.

ОАВда ёзилишича, Усмонзода шу йилнинг 11 мартида ҳибсга олинган. Унинг рафиқаси журналистлар билан суҳбатда эрининг айбсизлигини таъкидлаб, суд жараёнида «ҳақиқат ошкор бўлишига» умид қилган.

Дарвоқе, собиқ ректорнинг ҳибсга олиниши Хўжанд университети биология ва кимё факультети декани Парвиз Рўзизодани милиция ҳибсга олганидан сўнг деярли содир бўлган. Бу икки жиноий иш ўртасидаги боғлиқлик ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ.

Вазиятдан хабардор манбаларга кўра, прокурор Рўзизодани порахўрлик ва сексуал характердаги зўравонликда айблаб, 17 йил қамоқ жазосини талаб қилган. Суд бу талабни қаноатлантирган, бироқ ҳукм чиқарилганидан сўнг деканнинг юраги ушлаб қолган ва у 13 июнь куни вафот этган.

Қайд этилишича, бу Хўжанд университети ходимларига нисбатан қўзғатилган биринчи жиноий иш эмас . Шу тариқа, жорий йил февраль ойида Давлат молиявий назорати ва коррупцияга қарши кураш агентлигининг Сўғд вилояти бўйича бошқармаси бошлиғи Сафар Салимзода университетни коррупциялашган муассаса деб атаган ва бу ерда камида 49 та ана шундай жиноятлар аниқлангани ҳақида хабар берган. Мулозимга кўра, таълим муассасасининг беш нафар ходимига нисбатан жиноий иш қўзғатилган. Аммо бу айбланувчилар устидан ҳукм чиқарилгани ҳозирча аниқ эмас.