АҚШ апелляция суди афғонларнинг ҳимоя мақомини бекор қилишни вақтинча тўхтатди

khaama.com сайти фотосурати

АҚШ тўтинчи округи апелляция суди Дональд Трамп маъмуриятининг АҚШда яшовчи минглаб афғон фуқароларининг вақтинчалик ҳимоя мақомини (TPS) бекор қилиш ҳақидаги қарорини вақтинча тўхтатди. Бу ҳақда суд ҳужжатларига таяниб, Reuters хабар берди.

Қарор 14 июлда қабул қилинган ва 21 июлгача маъмурий қолдиришни назарда тутади. Бу шу куни CASA ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилоти томонидан берилган апелляцияни кўриб чиқиш учун кўпроқ вақт беради. Ташкилот жорий йил апрель ойида Президент маъмурияти томонидан эълон қилинган афғонлар ва камерунликлар учун TPSни бекор қилишни зудлик билан кечиктиришни сўради. АҚШ Ички хавфсизлик вазирлиги суд қарорига ҳозирча изоҳ бермаган.

ℹ️ TPS — бу қуролли тўқнашувлар, табиий офатлар ёки бошқа фавқулодда вазиятлардан жабр кўрган мамлакатлардан келган шахсларга депортациядан вақтинча ҳимояланиш ва 6 ойдан 18 ойгача узайтириш имконияти билан ишлаш ҳуқуқини берувчи махсус дастур. Афғонистон фуқароларига бу мақом 2022 йил май ойида толиблар* Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритганидан сўнг берилган эди. TPS муддати 2025 йил майигача узайтирилган ва 2025 йил апрелида АҚШ Ички хавфсизлик вазирлиги Афғонистондаги вазият яхшилангани ва узайтириш мезонларига жавоб бермаслигини айтиб, дастурни бекор қилишга қарор қилганди.

2021 йили Қўшма Штатлар Афғонистондан 82 мингдан ортиқ афғонни эвакуация қилган. АҚШ матбуотига кўра, TPS мақомини рад этиш Қўшма Штатларда қисқа муддатли қолиш ҳуқуқига эга бўлган 9000 дан 12000 гача афғонларга таъсир қилади. Энди улар қамоққа олиниш, депортация ва ишлашга рухсатномаларини йўқотиш таҳдиди остида қолишмоқда.

CASA TPSни бекор қилишни ўзбошимчалик ва камситиш деб атади. Ҳуқуқ фаолларининг таъкидлашича, афғонларнинг, айниқса, толиблар ҳукмронлиги остидаги мамлакатга аёлларнинг депортация қилиниши уларнинг ҳаёти ва хавфсизлигига жиддий таҳдид солмоқда. «Толибон»* ҳокимиятга қайтганидан бери мамлакатда аёлларнинг деярли барча асосий ҳуқуқларининг бузилиши, мухолифат арбоблари ва собиқ ҳукумат амалдорларига нисбатан тазйиқлар кузатилган.

AfghanEvac инсон ҳуқуқлари коалициясининг асосчиси Шон ВанДайвер вақтинчалик суд блокировкасини олқишлади ва Ички хавфсизлик департаменти ва Дональд Трамп маъмурияти ўз позициясини қайта кўриб чиқишига умид билдирди. Ташкилот Қўшма Штатлардаги афғонлар учун гуманитар ҳимояни сақлаб қолиш учун курашни давом эттираётганини ва минглаб одамлар тақдирини ҳал қиладиган якуний суд қарорини кутаётганини айтди.

Эслатиб ўтамиз, июль ойи бошида Мэриленд штати федерал судяси ҳукуматнинг Афғонистонда шароит яхшилангани ҳақидаги фикрига асосланиб, TPS бекор қилинишини маъқуллаган эди. Бу халқаро инсон ҳуқуқлари гуруҳлари, жумладан Human Rights Watch ва БМТ вакилларининг Афғонистондаги шароитлар ўта хавфлилигича қолаётганига оид танқидлар тўлқинини келтириб чиқарди. Уларнинг айтишича, афғонларнинг толиблар назоратидаги давлатга оммавий депортацияси таъқибларга, жинсга асосланган ва этник зўравонликка олиб келиши мумкин, ортга қайтарилганларнинг аксарияти қийноқлар ва судсиз қотилликлар таҳдидларига дуч келишади.

*15 июль ҳолатига кўра, «Толибон» ҳаракати Россияда террорчи сифатида тан олинган ташкилотлар рўйхатида қолмоқда.