Беш йил ичида туризм соҳаси Қирғизистон бюджетини 1,1 миллиард сомга тўлдирган

news.kg сайти фотосурати

Қирғизистонда 2020 йилдан 2024 йилгача туризм соҳасидан солиқ тушумлари олти баравардан ортиқ ўсган ва шу вақт ичида республика бюджетини 1,1 миллиард сомга (12,5 миллион доллар) тўлдирган. Бундай маълумотлар давлат солиқ хизмати томонидан тақдим этилди.

Ташкилот маълумотларига кўра, ҳисобот даврида туризм корхоналаридан тўловлар фақат ошган. Масалан, 2020 йили даромадлар 49,3 миллион сомни (564 минг доллар), бир йилдан сўнг 123,6 миллион (1,4 миллион доллар)ни ташкил қилган. Ўтган йили бу кўрсаткич 336 миллион сомга (3,8 миллион доллар) етган.

Солиқ органлари ҳам янги маълумотларни тақдим этган. Шу тариқа, жорий йилнинг 6 ойида соҳа томонидан ғазнага фискал ажратмалар шаклида 160,6 миллион сом (1,8 миллион доллар) тушган.

Расмийлар ва бошқа экспертлар туризм Қирғизистон иқтисодиётининг энг муҳим тармоқларидан бири эканлиги ҳақида гапиради. Масалан, Республика Иқтисодиёт ва савдо вазирлиги ҳузуридаги Туризм департаменти директори Эрденет Қосимовнинг таъкидлашича, соҳа ялпи ички маҳсулот ишлаб чиқаришга салмоқли ҳисса қўшмоқда. Шу боис давлат бу соҳани ривожлантиришдан жиддий манфаатдор. Расмийнинг қўшимча қилишича, йирик лойиҳаларни амалга ошириш ишсизликни камайтиради, чунки жаҳон амалиётидан келиб чиқилса, бир сайёҳ учта иш ўрни яратади. Қосимовнинг айтишича, ўтган йили мамлакатга 8,5 миллиондан ортиқ меҳмон ташриф буюрган. Жорий йили эса ташрифчиларни 10 миллион нафарга етказиш режалаштирилган.

Туризм бўйича эксперт Азамат Жаманқуловнинг айтишича, бугунги кунда соҳада қарийб 1 миллиард сом (11,4 миллион доллар) маблағ айланмоқда. Шу билан бирга, хориждан экспорт тушуми қарийб 250 миллион долларни ташкил этади. Экспертнинг фикрича, бу пуллар аэропорт хизматлари, таксилар, ресторанлар, сайёҳлик компаниялари, гидлар, дам олиш масканлари ўртасида тақсимланади.

Шунингдек, у республика хорижликларнинг кўпроқ оқимини жалб қилиш учун ҳаракат қилиши кераклигига ишонч билдиради.

«Масалан, Қирғизистонда бир сайёҳ кунига 200-250 доллар сарфлайди. <…> Менимча, инфратузилмани ривожлантириш ва туризм имиджини ривожлантиришга сармоя киритсак, ана шундай имкониятлардан фойдаланиб, туризм иқтисодиётнинг асосий тармоғига айланиши мумкин», — дейди Жаманқулов.