Қозоғистоннинг «Казахмыс Барлау» компанияси Афғонистонда геологик қидирув ишларини бошлади, деб хабар беради Tolonews.
Компания мамлакатни фойдали қазилмаларни қазиб олиш бўйича истиқболли деб атади ва юқори даражада тозаланган қўрғошин ва рух захираларига эга эканини таъкидлади.
Ўз навбатида, Кончилик ва нефть вазирлиги матбуот котиби Ҳумоюн Афғон Афғонистонда фойдали қазилмаларнинг кенг заҳираларига эга эканини, Қозоғистон бу ресурсларга сармоя киритиши мумкинлигини айтди.
Kazakhmys Barlau МЧЖ 2018 йили ташкил этилган ва «Казахмыс» гуруҳи таркибига киради. Egov.kz маълумотларига кўра, гуруҳ Kazakhmys Copperга тегишли бўлиб, унинг 100% акциялари Голландиянинг KCC B.V холдингига тегишли. KASEда эълон қилинган хабарларга кўра, KCC B.V нинг якуний назорат қилувчи шахс Владимир Ким (70%), 30% улуш эса корпорация бошқарувининг собиқ раиси Эдуард Огайга тегишли. Иккала ишбилармон Forbes.kz талқинига кўра Қозоғистоннинг энг бой йигирмата одамлари рўйхатидан жой олган.
Ўтган йил баҳорида Афғонистонга Қозоғистондан бир гуруҳ мутахассис-геолог ва муҳандислар келгани, улар Афғонистон Кончилик ва нефть вазирлиги ҳамроҳлигида бир қатор конларга ташриф буюргани ҳақида хабар берилган эди.
Қозоғистон Республикаси Саноат ва қурилиш вазири ўринбосари Эрон Шархон таъкидлашича, мутахассислар Нуристон вилоятида бериллий, қўрғошин ва рух бўлиши мумкин бўлган конлардан 130 кг руда намуналарини йиғишган. Лабораторияларда батафсил таҳлил қилиш учун намуналар Қозоғистонга юборилган. Натижаларни олгач, Қозоғистон томони «конларни янада ўзлаштириш бўйича музокараларнинг чуқурроқ форматини» бошлашга тайёр бўлади.