Қозоғистоннинг Halyk Bankи Click тўлов компаниясининг 49 фоиз акциясини сотиб олади

Фото с сайта Qams.kz

«АЛМЭКС» холдинг гуруҳи орқали Тимур ва Динара Кулибаевлар томонидан назорат қилинадиган Қозоғистоннинг Halyk Bankи Ўзбекистондаги етакчи тўлов тизимларидан бири бўлган Click улушини сотиб олишга рози бўлди, деб ёзади Orda.kz.

Шартномага кўра, банк Click акцияларининг 49 фоизини сотиб олади ва эвазига ушбу компания акциядорларига унинг Ўзбекистондаги шўъба банки Tenge Bankнинг худди шундай улушини сотади.

Halyk тўлов тизимидаги улуш учун 176,4 миллион доллар тўлайди. Ўз навбатида Click акциядорлари Tenge Bank акцияларининг 49 фоизи учун 60,76 миллион доллар тўлайди. Барча юридик шахслар мустақил бўлиб қоладилар. Битим икки давлат регуляторларининг расмий розилигини олгандан сўнг якунланади. Бу келишув минтақадаги энг йирик молиявий технология битими деб аталди.

Click — нақд пулсиз ҳисоб-китоблар учун ўзининг рақамли маҳсулотини ишлаб чиққан Ўзбекистондаги етакчи тўлов тизимларидан бири. Компания 2011 йилдан бери мавжуд. Gazeta.uz ёзганидек, унинг таъсисчилари Илёс Азимов (35%), Азизилло Ғуломқодиров (25%), Илҳом Азимов (20%), Улуғбек Рустамов (5%), Рустам Файзиев (5%), Жахонгир Усмонов (5%) ва Баҳодир Абдуқодиров (ҳар бири 5%). Ҳозирда Click 20 миллиондан ортиқ фойдаланувчига эга ва мобил тўловлар бозоридаги улуш 38% дан ортиқ.

«Икки компаниянинг умумий аудиторияси 32 миллиондан ортиқ кишини ташкил этади — бу Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг бутун бозори, жумладан, 2,6 миллион кичик ва микробизнес вакилларини қўшан ҳолда», — дея таъкидлайди Halyk.

Дарвоқе, июнь ойи ҳолатга кўра, ушбу банк активлари бўйича Қозоғистонда биринчи ўринда туради – 18,6 триллион тенге (34,5 миллиард доллар).

  • Исроилнинг Эронга ҳужуми ядровий таҳдидни тинч ва куч ишлатиш йўли билан ҳал этиш сценарийларига таъсир қилгани ҳақида

  • Қирғизистон жанубида юзлаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлган миллатлараро можарога 15 йил тўлди

  • Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2026 йилги жаҳон чемпионатида иштирок этади

  • Қозоғистон газни қайта ишлаш заводи қурилиши юзасидан Ғарб инвесторлари билан очиқ можарога киришди