Толиблар Қандаҳорда ишлаётган аёллардан «маҳрам карталари»ни олишни талаб қилишган

amu.tv сайти фотосурати

Қандаҳор вилоятида толиблар* ишлаётган аёлларга эркак васийси борлигини тасдиқловчи расмий ҳужжат — «маҳрам картаси» (mahram card) ни олишни буюрган. Бу ҳақда Amu.tv хабар берди.

«Толибон*» ҳукуматида Исломий фазилатларни тарғиб қилиш ва иллатлар олдини олиш вазирлиги қарорида давлат ва хусусий секторда ишлайдиган аёллар маҳрамлик гувоҳномасига эга бўлишлари шарт. Картага иш вақтида аёл билан бирга бўлиши керак бўлган эркак васийга (эр, ота, ўғил ёки ака) оид маълумотлар киритилади.

Афғонистонлик аёлларнинг сўзларига кўра, агар улар талабларга риоя қилмасалар, иш жойига киришлари тақиқланиши ҳақида огоҳлантирилган. «Ушбу фармон жуда катта муаммоларни келтириб чиқарди. Аксарият оилаларда эркакнинг кун бўйи аёл билан ишда бўлишига имкон йўқ» — дейди Amu.tv га суҳбатдошлардан бири.

«Маҳрам картаси»ни олиш кўп босқичли жараён бўлиб, у уч кунгача давом этиши мумкин ва бир нечта идоралар, жумладан, Фазилат вазирлигининг вилоят директори, маҳаллий кенгаш вакили, хавфсизлик ходими ва иш берувчининг розилигини талаб қилади.

Айни пайтда Кобулда толиблар таъбирига кўра ҳижоб талабларини бузган аёллар ҳибсга олинган. Ўтган ҳафта давомида Кобулнинг марказий ва ғарбий қисмида ўнлаб аёл ва қизлар қўлга олинган.

БМТнинг Афғонистонга ёрдам миссияси дарҳол ушбу ҳолатга муносабат билдирди. «Ушбу ҳодисалар аёллар ва қизларни янада изоляция қилади, қўрқув муҳитини келтириб чиқаради ва жамоатчилик ишончини пасайтиради», — дейилади ташкилот баёнотида.

ℹ️ 2021 йил август ойида Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритгач, толиблар 1996 йилдан 2001 йилгача бўлган биринчи ҳукмронлик даврига қараганда кўпроқ вазмин бўлишга ваъда берган бўлишсада, аёллар ҳуқуқларини доимий равишда чеклай бошлашди. Кўп ўтмай радикал ҳаракат кўпчилик қизларнинг мактабларга боришини, аёлларнинг тиббиёт муассасаларида ўқишини, кўчага чиқишини, тиббий муассасаларга боришини тақиқлади. Хотин-қизлар ишлари вазирлиги тугатилди. Унинг ўрнига толиблар Исломий фазилатларни тарғиб қилиш ва иллатлар олдини олиш вазирлигини ташкил қилди.

*24 июль ҳолатига кўра, «Толибон» ҳаракати Россияда террорчи сифатида тан олинган ташкилотлар рўйхатида қолмоқда.

  • Исроилнинг Эронга ҳужуми ядровий таҳдидни тинч ва куч ишлатиш йўли билан ҳал этиш сценарийларига таъсир қилгани ҳақида

  • Қирғизистон жанубида юзлаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлган миллатлараро можарога 15 йил тўлди

  • Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2026 йилги жаҳон чемпионатида иштирок этади

  • Қозоғистон газни қайта ишлаш заводи қурилиши юзасидан Ғарб инвесторлари билан очиқ можарога киришди