Ўзбекистон ва SOCAR ўртасида Устюрт нефть-газ ҳудудини ўзлаштириш бўйича МТБ имзоланди

Ўзбекистон Энергетика вазирлиги матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистон Энергетика вазирлиги, Озарбайжоннинг SOCAR давлат нефть компанияси ва «Ўзбекнефтгаз» ОАЖ ўртасида Устюрт платосида маҳсулот тақсимоти бўйича битим (МТБ) имзоланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Энергетика вазирлиги хабар берди.

Шартнома Устюрт нефть-газ минтақасида геология-қидирув ишларини олиб бориш, кейинчалик инвестицион блокларида углеводородларни қазиб олишни назарда тутади. Битим шартларига мувофиқ, 1,0 минг квадрат километрдан кам бўлмаган майдонда 3D сейсморазведка ишларини олиб бориш ва натижаларга кўра битта қудуқда геология-қидирув ишларини бошлаш режалаштирилган. Саноат аҳамиятига эга углеводород конлари топилган тақдирда, томонлар уларни ўзлаштириш ва кейинчалик қазиб олиш босқичига киришадилар.

SOCAR президенти Ровшан Нажаф келишув Марказий Осиё ва Каспий денгизи минтақаларида энергетика соҳасини ривожлантириш бўйича узоқ муддатли стратегиянинг бир қисми эканини таъкидлади. У SOCAR тўпланган бой тажриба ва илғор технологик ечимларни қўллаган ҳолда Ўзбекистоннинг энергетика хавфсизлигини таъминлаш ва инфратузилмасини ривожлантиришга салмоқли ҳисса қўшишини таъкидлади.

Ўзбекистон Энергетика вазири Жўрабек Мирзамахмудов SOCAR билан ҳамкорлик Янги Ўзбекистоннинг инвестиция манбаларини диверсификация қилиш ва энг илғор халқаро амалиётларни тадбиқ этишга бўлган стратегик интилишини акс эттиришини таъкидлади. У Устюрт ҳудуди юқори истиқболга эга экани ва ушбу лойиҳа технологик тараққиёт ва иқтисодий ўсишнинг муҳим омили бўлишига умид билдирди.

«Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Баҳодир Сидиқов мазкур келишув компаниясининг инновациялар ва йирик халқаро инвестициялар учун очиқ ишончли ҳамкор мақомини мустаҳкамлаб, миллий нефть-газ саноати ривожига ҳисса қўшишини таъкидлади.

✅ Маҳсулот тақсимоти тўғрисидаги битим (МТБ) давлат ва инвестор ўртасидаги шартномавий муносабатларнинг алоҳида шакли бўлиб, бунда инвестор нефть-газ операциялари, шу жумладан геологик-қидирув ишларини ўтказиш, ўзлаштириш ва углеводородларни қазиб олишни амалга оширишда мутлақ ҳуқуққа эга бўлади. Сармоядор сарфланган харажатларни қазиб олинган ресурсларнинг бир қисми (компенсация маҳсулоти деб аталадиган) ҳисобидан қоплайди, қолган даромадли маҳсулот эса томонлар ўртасида келишилган улушларда тақсимланади. Бундай модель хавфлар ва даромадларнинг адолатли тақсимланишини таъминлайди, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар оқимини кўпайтиради ва илғор технологияларни мамлакатга кириб келишига ёрдам беради.

▶️ SOCAR Озарбайжон миллий компанияси бўлиб, тўлиқ вертикал интеграцияга эга — қидирув ва қазиб олишдан тортиб нефт ва газни қайта ишлаш ва сотишгача. Компания халқаро лойиҳаларда фаол иштирок этади.

▶️ «Ўзбекнефтгаз» – Ўзбекистондаги энг йирик давлат энергетика компанияси бўлиб, нефть ва газ саноатида геологик қидирув ва бурғулашдан тортиб нефть, газ ва нефть-кимё маҳсулотларини ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, ташиш ва сотишгача бўлган тўлиқ циклли лойиҳаларни амалга оширади. Мамлакатдаги жами табиий газ ишлаб чиқаришнинг 60% дан ортиғи компания ҳиссасига тўғри келади.

ℹ️ «Ўзбекнефтгаз» ва SOCAR ўртасида 2016 йили стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланган бўлиб, унда ўзбекистонлик мутахассисларни SOCARда ўқитиш, шунингдек, «Ўзбекнефтгаз»нинг Озарбайжондаги денгиз лойиҳаларида иштирок этиши кўзда тутилган. 2017 йили SOCAR ва «Ўзбекнефтгаз» Озарбайжон ва Ўзбекистонда, шунингдек, учинчи мамлакатларда ҳамкорликда нефть ва газ операцияларини амалга ошириш бўйича келишувга эришган.

2018 йили иккала компания ва BP Exploration бир нечта инвестиция блокларида биргаликда геологик қидирув ишларини олиб бориш бўйича меморандум имзолаган. 2021 йили стратегиянинг «яшил» йўналишга ўзгариши ва углеводородларга сармоя киритилмаслиги сабаб ВР лойиҳани тарк этгач, SOCAR ва Ўзбекистон ҳамкорликда иш олиб бориш ва янада ривожлантиришнинг янги вариантларини кўра бошлади. 2024 йил август ойида «Ўзбекнефтгаз» ва SOCAR нефть-газ соҳасида ҳамкорлик бўйича яна бир шартнома имзолади.

2025 йил июль ойи бошида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Озарбайжонга расмий ташрифи доирасида Боку шаҳрида SOCAR ва «Ўзбекнефтгаз» компанияси раҳбарларининг навбатдаги учрашуви бўлиб ўтди. Учрашув якунлари бўйича Устюрт платосининг Ўзбекистон қисмидаги конларда биргаликда геологик қидирув ишларини олиб бориш тўғрисида келишувларга эришилди.

  • Исроилнинг Эронга ҳужуми ядровий таҳдидни тинч ва куч ишлатиш йўли билан ҳал этиш сценарийларига таъсир қилгани ҳақида

  • Қирғизистон жанубида юзлаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлган миллатлараро можарога 15 йил тўлди

  • Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2026 йилги жаҳон чемпионатида иштирок этади

  • Қозоғистон газни қайта ишлаш заводи қурилиши юзасидан Ғарб инвесторлари билан очиқ можарога киришди