Қозоғистонлик хайриячи Перизат Қайрат 10 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди

Перизат Қайрат онаси билан. Ижтимоий тармоқдаги фотосурат

Остона жиноят ишлари бўйича туманлараро суди Biz Birgemiz Qazaqstan 2030 хайрия жамғармасининг собиқ раҳбари Перизат Қайратни хайрия ёрдами кўрсатиш баҳонасида йиғилган пулларни ўзлаштирганликда айблади, деб ёзади InformБЮРО.

Фаол ўта йирик миқдордаги фирибгарлик ва жиноий йўл билан олинган пулларни легаллаштириш моддалари бўйича айбдор деб топилиб, 10 йилга озодликдан маҳрум этилди. Шунингдек, у давлат мукофоти – «Шапагат» медалидан (хайрия ва мурувват учун берилади) маҳрум қилинди.

Бу ишда ҳам иштирок этган Перизат Қайратнинг онаси Ғайни Алашбаева қизига ёрдам бергани учун етти йилга озодликдан маҳрум этилди.

Суд иккала аёлни 50 нафар жабрланувчи фойдасига 1,58 миллиард тенге (2,8 миллион доллар) миқдоридаги моддий зарарни тўлашга мажбур қилди. Шунингдек, улар 22 миллион тенге (40 минг доллар) давлат божи, суд харажатлари учун 600 минг тенге (1000 доллар) ҳамда жабрланувчилар фондига 20 ойлик тўлов миқдорида (72 минг тенге ёки 132 доллар) пул тўлашлари керак. Суд ҳукмни ихтиёрий равишда ижро этиш учун бир ой муддат белгилади.

Маҳкумаларнинг жиноий йўл билан олинган мол-мулки мусодара қилинади. Гап Vela Village коттеж шаҳарчасидаги хусусий уй, Akbulak Riviera, Sensata Plaza, Highvill Ishim Gold турар-жой мажмуаларидаги хонадонлар, шунингдек, тўхташ жойлари, тўртта автомобил (Mercedes-Benz S450, Lexus LX 600, Mercedes-Benz EQE 500 4 matic, Haval H6 GT), «Rebel Flowers» МЧЖ устав капиталидаги 100 фоизлик улуш, шунингдек банк ҳисобварақларидаги 22 минг доллар ва 97 миллион тенге (178 минг доллар) ҳақида бормоқда.

Перизат Қайрат — қозоғистонлик жамоат арбоби ва тадбиркор, 2021 йили ташкил этилган Biz Birgemiz Qazaqstan 2030 хайрия фонди асосчиси ва раҳбари сифатида танилган (тергов бошланганидан сўнг фонд тугатилган).

Қайрат ўтган йил кузида ҳибсга олинган эди. У Фаластин халқи ва қозоғистонлик тошқин қурбонлари учун йиғилган 1,7 миллиард тенге (3,4 миллион доллар)ни ўзлаштирганликда гумон қилинмоқда. Тергов маълумотларига кўра, хайрия фонди раҳбари бу пулларнинг катта қисмини ҳашаматли товарлар ва кўчмас мулклар сотиб олишга, шунингдек, чет эл саёҳатларига сарфлаган.

  • Исроилнинг Эронга ҳужуми ядровий таҳдидни тинч ва куч ишлатиш йўли билан ҳал этиш сценарийларига таъсир қилгани ҳақида

  • Қирғизистон жанубида юзлаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлган миллатлараро можарога 15 йил тўлди

  • Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2026 йилги жаҳон чемпионатида иштирок этади

  • Қозоғистон газни қайта ишлаш заводи қурилиши юзасидан Ғарб инвесторлари билан очиқ можарога киришди