Андижон вилоятида Германия, Туркия ва Япониянинг робот технологияларидан фойдаланган ҳолда инновацион тиббиёт клиникаси қурилади. Лойиҳага йўналтирилган инвестициялар ҳажми 40 миллион долларни ташкил этади, деб хабар қилади Ўзбекистон президенти матбуот хизмати 28 июль куни Шавкат Мирзиёевга тақдим этилган вилоятда амалга оширилаётган ислоҳотлар якунлари ва режалари тўғрисидаги ҳисоботга таяниб.
Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновнинг маълум қилишича, айни пайтда Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари иштирокида Европадан маблағ жалб этиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда: агрокластерга Италиядан 20 миллион евро, Германиядан эса 25 миллион евро замонавий агротехника мажмуасига киритилади. Хонобод шаҳри, Хўжаобод ва Булоқбошида туристик масканлар ташкил қилиш бўйича 30 дан зиёд ташаббуслар билдирилган.
Умуман айтганда, 1 миллиард 100 миллион долларлик қўшимча лойиҳалар шакллантирилган. Уларнинг натижасида 22 минг иш ўрни, қўшимча 200 миллион долларлик экспорт имконияти очилади.
Вилоятда йил бошидан буён 1 миллиард долларлик янги қувватлар, 344 та савдо ва сервис мажмуаси ишга тушган. Яна 2,5 миллиард долларлик лойиҳалар бошланган. Ўтган 6 ойда 850 миллион доллар инвестиция жалб этилиб, экспорт 465 миллион долларни ташкил этган.
Умуман олганда, 2025 йили вилоятга 3,1 миллиард доллар сармоя жалб этиш, экспорт ҳажмини 1,5 миллиард долларга етказиш, 305 минг кишини иш билан таъминлаш режалаштирилган.